Россия YouTube'ни блоклаш арафасида турибди

Россия YouTube'ни блоклаш арафасида турибди

YouTube видеоҳостинги айни пайтда жаҳоннинг видеороликлар томоша қилинадиган энг йирик хизмати ҳисобланади. Унинг кунлик аудиторияси сони 2 млрд фойдаланувчидан ошади. Дунёнинг юзлаб мамлакатларида бу тармоқдан фаол фойдаланишади. 14 декабрда эса бу оммабоп тармоқнинг Россияда тақиқланишига оид маълумотлар ошкор бўлди.

Роскомнадзор, яъни Россияда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги муносабатларни, интернет-ресурслар фаолиятини назорат қилувчи ташкилот YouTube раҳбариятига хат йўллаб, ўз талабини баён қилди. Унга кўра, Россия ҳукумати мамлакат ҳудудида тармоқдаги «Открытая Россия» аккаунти зудлик билан блокланиши керак. Бунинг учун YouTube тармоғи ихтиёрида хатни олганидан бошлаб, 1 кун муҳлат берилади. Агар америкалик компания бу хоҳишни рад қиладиган бўлса, Россия унинг ўзини блокировка қилади.

Роскомнадзор мазкур талабни Россия Федерацияси Бош прокуратурасининг 2017 йил 11 декабрдаги № 27−31−2017/Ид6629−17-сон кўрсатмаси асосида қўйган. Унда youtube.com'даги Россия қонунларига зид хатти-ҳаракатлар аниқланган ресурс фаолиятини тақиқлашга оид чоралар белгиланган.

ЎқингТОП-8: 2017 йилда Google'да энг кўп қидирилган смартфонлар

YouTube бошқаруви хатни олган. Бироқ, ҳозирча бирор муносабат билдирмаган. Кеча Роскомнадзор «Открытая Россия» саҳифасини ўчириб ташлашни сўраб, Twitter тармоғига ҳам дўқ-пўписа қилган эди. Бу талаб ҳам ҳозирча қондирилгани йўқ.

Экспертларнинг фикрича, YouTube ҳукумат органининг бу талабини бажармайди. Вазият эса янада таранглашади. Натижада, мамлакатдаги энг таниқли видеоҳостинг Россияда блокланиши мумкин.

«Открытая Россия» — Россиядаги ижтимоий ҳаракат бўлиб, унга 2015 йилда Михаил Ходорковский томонидан асос солинган. Айни пайтда бу ҳаракат Россияда тартибсизлик келтириб чиқариш учун 1 млн доллардан зиёд маблағ сарфлаган. Ижтимоий ҳаракатнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида аҳолида ҳукуматга нисбатан норозилик кайфиятини уйғотувчи турли-туман маълумотлар тақдим қилинмоқда. Бош прокуратура талаби асосида Роскомнадзор жамиятнинг веб-сайтини ҳам ёпиб қўйди.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!