Samsung Galaxy Note 20 ҳақидаги янги хабарлар билан танишинг

Samsung Galaxy Note 20 ҳақидаги янги хабарлар билан танишинг

Samsung'нинг Galaxy Note 20 линейкаси, эҳтимолки, бутун дунёдаги мухлисларини интизорлик билан куттирмоқда. Galaxy S20 оиласи янгиликларнинг асосий мавузларидан бири бўлиб турган айни дамда Note 20 ҳақида ҳам илк маълумотлар сиздирилишни бошлади. Биз эса уларни сиз билан ўртоқлашамиз.

Код номи

Хабарингиз бор, Samsung ҳар бир флагман лойиҳасига махсус код ном қўяди. Galaxy Note 20'га «Полотно лойиҳаси» деб код ном берилган ва бу қурилма ҳақида кўп маълумот беради. Маълумот учун, полотно мусаввирлар расм чизувчи мато ҳисобланади. Note10 оиласи вакилларининг S Pen стилуси эслатмалар қайд қилиш ва матн ёзиш учун аллақачон анчайин қулай бўлсада, код номдан тушунилишича, 2020 йилда ручка анча такомиллаштирилади. Таниқли инсайдер Ice Universe ҳам Note 20'да янги хусусиятлар бўлиши ҳақида хабар берган эди. Бу функциялар ҳам дастурий, ҳам аппарат таъминот борасида бўлишини кутсак бўлади.

Янги Note'лар ҳам номида Galaxy S'лар каби «20» рақамига эга бўлади: Galaxy Note 20.

Дизайн

Дизайн борасида Galaxy Note 20 Galaxy S20'лар билан жуда ўхшаш бўлади. Қурилмалар кўриниши ушбу мақоладаги рендерлар каби бўлишини кутаверинг.

Камера & чип

Samsung'нинг бир неча йиллик анъанасига кўра, янги Note'ларга Galaxy S20'лардаги камералар ўрнатилади.

Note 20 линейкасига ҳам Snapdragon 865/Exynos 990 чипи ўрнатилиб, 5G стандарти мавжуд бўлади.

ЎҚИНГ: Samsung аллақачон Galaxy Note 20’ларни тайёрлаяпти: дизайни ва фарқларини расмларда кўрамиз

Портлар

Портлар борасида эса, Samsung microSD карта уясини қайта жорий қилиш масаласини кўриб чиқмоқда. Аммо аудио жек қайтарилмаслиги аниқ.

Биометрик маълумот сенсорлари

Galaxy S20 моделларида Qualcomm'нинг кейинги авлод 3D Sonic Max бармоқ изи сканеридан фойдаланилмагани кўпчиликни ҳайрон қолдирган эди, сабаби смартфонсозлар ушбу датчикдан ўтган йилнинг центябаридан бери фойдаланиб келишмоқда. Galaxy Note 20'ларда ушбу хатолик тузатилади ва бармоқ изини ўқиш янада тезроқ амалга оширилади.

Аккумулятор

Note'ларда S Pen учун ажратилган уя сабабли аккумулятор сиғими ўта катта бўлмайди, лекин Galaxy S20'ларнинг ҳажмига яқин бўлишини кутсак бўлади:

Galaxy S20 - 4,000 мА/соат (S10: 3,400 мА/соат)
Galaxy S20+: 4,500 мА/соат (S10+: 4,100 мА/соат)
Galaxy S20 Ultra: 5,000 мА/соат

Қувватланишга келсак, Galaxy S0 ва S20+ лар 25 ваттда заряд олса, S20 Ultra 45 ваттда қувватланиш имконига эга. Note 20'да ҳам худди шундай бўлишини кутиш мантиқан тўғри бўлади. S20'ларда симсиз қувватлаш ва симсиз қувват улашиш технологиялари такомиллаштирилмаганини ҳисобга олиб айтиш мумкинки, Note 20'лар ушбу жиҳатни кейинги босқичга олиб чиқиши мумкин. Лекин бу борада ҳозирча бир гап йўқ.

Нарх

Компания ўзининг навбатдаги флагманларига қанча нарх қўйиши ҳаммани энг кўп қизиқтирувчи жиҳатдир. Samsung'дагилар Galaxy S20 моделлари борасида ноҳақлик қилиб, нархларни анча кўтарди:

Galaxy S20 - 128ГБ, $999 дан
Galaxy S20+ - 128ГБ / 256ГБ / 512ГБ, $1 199 дан
Galaxy S20 Ultra - 128ГБ / 256ГБ / 512ГБ, $1 399 дан

S20 линейкасининг савдоси қандай бўлиши Note 20'лар нархига ҳам таъсир кўрсатади. Агар савдолар кўнгилдагидек кетмаса, Samsung'нинг нарх қўйиш борасида кўзи очилади, акс ҳолда, ўша-ўша осмон нархлар...

Тақдимот санаси

Samsung Galaxy Note смартфонлари тақдимот санасини ҳар йили ўзгартиради. Note10'лар 7 августда тақдим қилинганлигидан келиб чиқиб, Note 20 линейкаси ҳам август бошларида оммага таништирилишини тахмин қилиш мумкин. Шунда, Apple ўзининг кейинги авлод iPhone'ларини сентябрь ўрталарида чиқаришидан олдин Samsung'да Galaxy Note'ларни сотиш имкони кўпроқ бўлади.

Хулоса

Galaxy Note 20 флагманлари дизайни, ишлаши, камера ва нархи борасида Galaxy S20'ларга анча ўхшаш бўлади. Аммо такомиллаштирилган жиҳатлар (жумладан, дисплей, биометрик маълумотлар сенсорлари ва S Pen) ҳам етарлича бўлади.

Барча маълумотларни биз билан кузатишда давом этинг.

ЎҚИНГ: Спортчимисиз? Унда, Samsung сизга совға беради!