Сергелида замонавий индустриал технопарк ишга туширилади

  •   DiMaX
  •  495
  •  25.01.2019 11:33

Сергелида замонавий индустриал технопарк ишга туширилади

Шавкат Мирзиёев 24 январь куни 2019 йилда Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларига оид маълумотлар билан танишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти хабар берган.

ЎҚИНГ: Шавкат Мирзиёев: Тошкент юқори технологиялар ривожланган йирик халқаро марказга айланади

Давлатимиз раҳбари 2018 йил 21 декабрь куни Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида пойтахтимизга йирик бизнес вакиллари ва салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш, шаҳарда энг қулай инвестиция муҳитини яратиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Шунга мувофиқ, жорий йил 4 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳрини инфратузилмавий ривожлантиришга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга кўра, 2019 йилда Тошкент шаҳри иқтисодиётига 2 миллиард 700 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этиш, бунинг эвазига 273 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган.

Тақдимотда мазкур лойиҳаларнинг соҳалари ва жойлари, маблағларни ўзлаштириш муддатлари таҳлил қилинди.

Жумладан, Тошкент иқтисодиётига доир яна бир янгилик – Сергели туманида 100 гектардан зиёд ҳудудда Европа стандартлари бўйича замонавий индустриал технопаркни ишга тушириш режалаштирилган. Бунинг инвесторлар учун қулайлиги шундаки, барча бино-иншоотлар тўлиқ тайёр ҳолда топширилиб, зарур инфратузилма билан таъминланади.

Бугунги кунда технопаркни лойиҳалаш ишлари бошлаб юборилган, ҳозирданоқ 85 фоиз ер тадбиркорларга ажратиб берилган. Бу ерда 10 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш мўлжалланган.

Мутасаддиларга технопаркни тезроқ ишга тушириш, юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.

ЎҚИНГ: Тошкентдаги «Хавфсиз шаҳар»да сунъий идрокдан фойдаланилади

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.