Смартфонларнинг йилдан-йилга катталашиб боришини тўхтата оламизми?

Смартфонларнинг йилдан-йилга катталашиб боришини тўхтата оламизми?

Сўнгги ўн йилдан буён смартфонлар ҳажм жиҳатидан катталашиб бормоқда, аммо уларни ишлатадиган қўлларимиз катталашаётгани йўқ. Қизиғ-а?! Келинг, қуйида Android Authority сайти колумнисти Саймон Xиллнинг шахсий фикрларини келтириш асносида шу ҳақда суҳбатлашамиз.

Аввало, айтиш керакки, смартфонлар фақат катталашиб бормаяпти, балки самртфонсозлар кичик смартфонлар ишлаб чиқармай қўйди ҳам. Бир қўлда бошқаришга қулай, тор джинси шимингиз чўнтагига бемалол сиғадиган Android қурилмасини қидираётган бўлсангиз, олдингиздаги танловлар миқдори унчалик ҳам кўп эмас.

Катта смартфонлар ҳақида гапирганда хаёлимизга биринчи бўлиб Samsung Galaxy S20 Ultra келади. Ушбу смартфон катта эмас, балки УЛКАН. Бу «қаҳрамон»имиз бўйига 6,57 дюйм (16,7 см), экранининг диагонали эса 6,9 дюйм (17,5 см) ни ташкил қилади. Nexus 7 планшетини қалин ҳошияларсиз тасаввур қилиб кўрсангиз, Galaxy S20 Ultra'нинг ҳажми ҳосил бўлади.

S20 Ultra нафақат бир қўлда бошқаришга ўта ноқулай, балки ўта оғир ҳамдир (222 г). Шунчалар оғирлигидан уни пижамангиз чўнтагига солсангиз, пижамангиз ечилиб кетади.

Ҳажми ва вазни сабаб бу қурилмани ишлатиш қийин кечади. Агар бу флагман экранини синдиргудек бўлсангиз, яна 400 доллар атрофида ҳаражат қилишингизга тўғри келади, бунинг олдини олиш учун эса, албатта, унга ғилоф кийдирасиз. Бу эса смартфонни яна ҳам оғирлаштиради. Юқоридаги пижамага оид гап яна ҳам ҳақиқатга яқинроқ бўлади энди...

Фақат S20 Ultra'ни танлаб, уни танқид қилиш адолатдан эмас. Ўлчам борасидаги муаммо фақат Samsung'га тегишли ҳам эмас. Ҳозирги ёшларнинг баъзиларида бармоқ оғриғи кўп кузатилса керак. Бунга сабаб артеритмикан? Балким қандайдир ғалати бир инфекция сабабчидир бу оғриққа? Йўқ, унисияммас, бунисяммас. Бунга сабаб қўлдаги смартфон. Масалан, Red Magic 3 смартфонида бир соат ўйин ўйнасангиз, бу оғриқни сиз ҳам ҳис қиласиз.

Аммо биз бу нарсаларга ўрганиб қолдик. Смартфонлар жуда секин, йиллар давомида сездирмасдан катталашди. Агар кўчада бир одам чўнтагидан катта бир телефон чиқариб ишлатса, ҳозир ҳеч ким ҳайрон қолмайди. Аммо беш йил олдин одамлар бунга эътибор беришар ва ҳатто ўша одамнинг устидан кулиб ҳам қўйишарди. Samsung ўзининг илк Note фаблетини чиқарганда, ҳамма бунча катта телефон яратгани учун компанияни мазаҳ қилганди.

Galaxy Note экрани диагонали 5,3 дюйм (13,5 см) эди. Экран ҳошиялари ўта қалин бўлса ҳам, дисплей бўйига 5,78 дюйм узунликка эга эди. Pixel 4 эса бундан ҳам узунроқ.

Смартфон фойдаланувчилари сифатида биз худди қозонга солинган омар каби бўлиб қолдик. Бизни қозонга солиб пиширишаётганини сезмаймиз ҳам, чунки қозондаги сувни жуда секинлик билан иситишмоқда. Худди шундай, ГИГАНТ смартфонларни ишлатиш нормал ҳолат эканлиги онгимизга сингдирилмоқда.

Ҳозир телефон ва планшет ўртасида ҳеч қандай фарқловчи жиҳат қолмаган. Сабаби телефонлар катталашиб-катталашиб-катталашиб... орадаги тафовутни йўққа чиқарди ҳисоб.

Орадаги фарқнинг йўққа чиққани боис «фаблет» тушунчаси ҳам аҳамият касб этмай қўйди. Сабаби «фаблет» (инг. «phablet») сўзи инглизча «phone» («телефон») ва «tablet» («планшет») сўзларидан олинган. Ҳозир деярли исталган барча смартфонни фаблет деб аташ мумкин. Шунинг учун, «фаблет»лар ғояси деярли йўққа чиқди ёки, тўғрироқ қилиб айтсак, барча смартфонларга қоришиб кетди.

Аммо айнан нима учун смартфонлар бунчалар катталашиб кетди? Тўғри, катта смартфоннинг афзал томонларини тан олмасдан илож йўқ — видео томоша қилиш янада мароқли кечади, ўйин ўйнаш жараёни янада завқли бўлади ва ҳ.к. Техник томондан олиб қарасак, катта смартфонга қўшимча аппарат таъминоти, масалан, кўпроқ камера линзаси ва 5Г модем ўрнатиш мумкин бўлади, катта корпус ичига каттароқ аккумулятор жойласа ҳам бўлади. Аммо мана шу аккумулятор масаласи худди «Товуқ ёки Тухум» топишмоғига ўхшайди: экран катта бўлганидан кейин аккумуляторни ҳам катталаштирмасдан илож қанча!?

Яна бир жиҳат. Ҳозирги смартфонларда Бир қўлли бошқарув функцияси бор. Компаниялар ўз смартфонларини бир қўлда бошқариш осон бўлиши учун кўп уринишяпти (масалан, тугмачалар ва билдиришномалар панелини пастки томонга кўчириш билан). Аммо бир ўйлаб кўринг-а, Бир қўлли бошқарув функциясини қўшиш «Биз ишлаб чиқарган смартфон шунчалар каттаки, аслида уни бир қўлда бошқариш қийин», деб тан олиш эмасми?

Яна бир жиҳатни эсдан чиқармайлик. Смартфонлар нафақат бўйига ўсиб кетди, балки айни дамда энига ҳам ингичкалашиб кетди. Ҳозир 3 дюймдан кенгроқ энлик смартфонни топишингиз қийин. Қиёс учун олайлик: Galaxy S20 Ultra энига 2.99 дюймни ташкил қилади, илк Galaxy Note эса 3.27 дюйм энга эга эди.

Смартфонсозлар смартфонлар кулгили даражада катта кўринишини хоҳлашаётган экан, нега, унда, кичкина смартфон ишлаб чиқаришмайди — шунда ўртача смартфонлар ҳам қиёсан катта кўринар эди. Саноатга доир сайтлар, саҳифа ва форумлардаги изоҳлар бўлимига қарасангиз, кичик ҳажмли Android смартфон топа олмай хуноб бўлганлар «аза»сига гувоҳ бўласиз.

Аммо Apple билан вазият бошқача. Apple ишқибозлари ихтиёрида iPhone 8 бор. Бу қурилма бутун дунё бўйлаб жуда харидоргир. iPhone 8 2018 йилнинг энг кўп сотилган смартфони номини қозониб, IHS Markit маълумотига кўра, 2019 йилда ҳам энг кўп сотилган мобил қурилмалар рейтингида еттинчи ўринни эгаллаган.

Ваҳоланки, энг катта Android смартфон компаниялари маҳсулотлари орасида iPhone 8 ҳажмидақа смартфон топа олмайсиз. Фақат Pixel 4'ни кичик смартфон дейиш мумкин. Sony ҳам Compact линейкасидаги смартфонлар чиқараётганди, аммо бу ҳам тўхтатилди. Афтидан, кичик унинг смартфонларини ҳеч ким харид қилмаган. Савдолар барбод бўлганига иккита сабаб бўлиши мумкин: 1. Ҳозир ҳеч ким кичик Android смартфон харид қилмай қўйган. 2. Ҳозир ҳеч ким Sony смартфонларини харид қилмай қўйган. Эҳтимол, ишлаб чиқарувчилар кичик смартфонлар бозори чаққон бўлади деб ўйлаганда, бундай қурилмаларни кўпроқ ишлаб чиқарарди. Samsung'нинг охирги йилларда чиққан кичикроқ смартфони Galaxy S10e бўлди.

Хулоса ўзингиздан. Бизга кичик смартфонлар ёқадими ёки ҳажм аҳамиятли жиҳат эмасми? Galaxy S20 Ultra максимал даражада катта смартфонми? Смартфонлар бундан буён бошқа катталашмайдими? Ўз фикр ва мулоҳазаларингизни ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда қолдиринг.

ЎҚИНГ: 5G-смартфонлар учун Samsung янгича OLED-дисплей тақдим этди ва уни Galaxy Note 20 Ultra’да қўллайди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!