Тик чангюткичдан фойдаланишни биласизми?

Тик чангюткичдан фойдаланишни биласизми?

Тик чангюткичлар гарчи бизда кўпчиликка нотаниш бўлса-да, кўпгина давлатларда оммалашиб улгурган. Бир қанча турлари симсиз бўлиб, аккумулятордан қувват олади. Мамлакатимизда бундай турдаги маиший техника ҳали оммалашмагани боис terabayt.uz сайти у ҳақда зарурий маълумотларни тўплаб сизга тақдим этади.

  1. Тик чангюткичларнинг турлари

Моночангюткич. Узунчоқ аппаратнинг оғирлик маркази пастки қисмида. Юқори қисмида дастаси, пастида мотор блоки ва чангтўплагич контейнер, энг тагида турбочўтка жойлашган.

2га 1 форматли тик чангюткич. Мотор ва чангтўплагичли қисми олиниши билан моночангюткичдан фарқланади. Аниқроғи, беканинг қўлида икки аппарат бўлади: тор жойларни тез тозалаш учун тик чангюткич ва қўлдаги чангюткич.

Оғирлик маркази юқорида бўлган чангюткич (масалан, Dyson русумлари). Мотор блоки ва чангтўплагични қўлингизда тутиб ишлайсиз, унга эса чўткали сўрувчи оғизчаси (насадка-щётка) бор қувурча уланган бўлади. Бу билан шифт бурчакларини тозалаш, исларни олиш осон.

  1. Қувватлаш манбаси ва ишлаш давомийлиги

Аккумуляторли тик чангюткичлар савдода кўп учрайди. Батареяси, одатда, қўзғалмас бўлиб, корпусида жойлашади. Аммо аккумуляторини алмаштирса бўладиган турлари ҳам бор. Масалан, LG CordZero чангюткичи комплектида икки аккумулятор мавжуддир.

Тик чангюткичлар аккумуляторининг ишлаш давомийлиги турличадир. Бу кўрсаткич аккумулятор сиғимига, чангюткич истеъмол қиладиган энергия миқдорига (одатда, 2-3 даража) боғлиқ. Моделларнинг турига қараб энг юқори қувватда ишлаганда 6 дақиқадан 25 дақиқагача; энг паст қувватда ишлаганда 20 дақиқадан 60 дақиқагача чўзилиши мумкин.

Электр тармоғига уланадиган тик чангюткичларни ҳам дўконлардан топса бўлади. Уларни симсиз аппарат каби истаган жойни тозалашга олиб боролмайсиз – сими етмай қолади. Аммо токи етмай қолмайди.

  1. Чангтўплагич

Шаффоф ёки ярим шаффоф пластикдан тайёрланган кўп марталик чангтўплагични аксар дўконларда учратишингиз мумкин. Бундай чангтўплагични алмаштирса бўлади.

Турлича ҳажмдагилари тарқалган. Энг кичиги 0,35-0,5 литрли бўлса, энг каттасининг ҳажми 1 ва 1,8 литргача боради.

Кичик чангтўплагичлар, асосан, 2га 1 форматли чангюткичларга хосдир. Тик моночангюткичларнинг чангтўплагич қутиси каттагина бўлади.

  1. Ҳавони фильтрлашнинг қуюнсимон технологияси

Тик чангюткичлар қуюнсимон (циклонли) технология асосида ишлайди. Бу қандай технология?

Ифлосланган ҳаво конуссимон камера ичида айлантирилади. Спирал бўйича ҳаракатланган тўзон тобора қисилиб ва тезлиги ошиб боради. Марказдан қочма куч конус четига чиқинди зарраларини улоқтиради.

Чангюткичнинг қуюнли камераси бир нечта бўлса, ҳаво оқими тезлашади ва яхши тозаланади. Қуюнли камераси кўп бўлган айрим чангюткичларнинг моторолди ва чиқиш фильтрлари хизмат даври давомида алмаштирилмайди, чунки ҳаво яхши тозаланганидан бунга эҳтиёж қолмайди.

  1. Сўриш қуввати

Иш жараёнида сўриш қуввати бир текис кечмайди. Чангтўплагич тўлиб қолса, қувват пасаяди (қуюнли технологияда кўп сезилмайди). Шунингдек, асосий оғизчанинг ҳолатига ҳам боғлиқ. Сўриш қуввати ваттларда (Вт) ёки британча аэроваттларда (аВт) ўлчанади. Бу ўлчов бирликлари тахминан бир-бирига тенгдир.

Аккумуляторли тик чангюткичларнинг сўриш қуввати анъанавий чангюткичларникидан катта эмас. Бири 100 Втгача бўлса, иккинчиси 300-500 Вт атрофида. Шунинг учун ишлаб чиқарувчи компания чангюткичининг бу кўрсаткичини кўз-кўзлайвермайди. Аммо аппарат ичидаги турбочўтка (айланувчи тукли жўвали) чиқиндини яхшигина тортади.

  1. Тик чангюткичларнинг ҳаво фильтрлари

Тик чангюткичларнинг кўпчилигидаги ҳаво фильтрлаш тизимини қойилмақом дейиш қийин. Моторолди ва чиқиш фильтрлари поролондан тайёрланган бўлиб, майда дисперсли чангни тутиб қололмайди, чунки улар ҳаво оқимига тўсқинлик қиладиган даражада зич бўлмайди. Афтидан, чангюткичсозлар энергияни иқтисод қилган.

Аммо Dyson чангюткичлари бундан мустаснодир. У ўз сегментидаги чангюткичлардан озроқ ишлайди (20 дақиқагача), аммо қуюнли технологиядан ташқари шиша толали фильтрлар воситасида ҳавони аъло даражада тозалайди.

  1. Бошқарув элементлари

Тик чангюткичларнинг бошқарув тугмалари сопининг тепа қисмида жойлашади. Портатив ва бир қисми ажраладиган чангюткичлар ҳам шундай.

Оғирлик маркази юқорида бўлган тик чангюткичларнинг бошқарув мурватлари мотор блокида жойлашади. Масалан, Dyson русумининг тепкисини босса ишлайди, қўйиб юборса тўхтайди.

  1. Шовқин даражаси

Тик чангюткичларнинг шовқини анъанавий чангюткичларники билан тенглашиб қолади, хусусан, қуюнсимон технологияли русумлар 70-86 дБ товуш чиқаради. Бу жуда қаттиқ шовқин, аммо техникани қисқа муддат ишлатганимиз учун катта аҳамият касб этмайди.

  1. Деворга суяб қўйиш

Тик чангюткичларнинг яна бир афзаллиги деворга суяб қўйиш мумкинлигидадир. Аммо оғирлик маркази юқори қисмида жойлашган чангюткичларни деворга тираб қўйишнинг иложи йўқ.

  1. Буларни ҳам билиш зарур

Тик чангюткичларнинг айримларида силлиқ матони, юмшоқ мебел ва кийимларни тозалаш учун сўриш оғизчасига қўшимча қисмлар бўлади. Баъзида эса уларнинг барчаси трансформер оғизчада жамланади. Бундай конструкция 2га 1 форматли чангюткичларга хос.

Айрим тик чангюткичларнинг оғизчасида диодли чироқча бўлади. Бир қарашда арзимас функция, аммо диваннинг ости, шкафнинг таги каби ёритилмайдиган жойларни тозалашда қўл келади.

Фақат қуруқ тозалаш ишларида эмас, нам тозалаш ишларида фойдаланиладиган чангюткичлар ҳам бор. Бунга Philips брендининг PowerPro Aqua русумини мисол қилиш мумкин. Чангюткичнинг пастки қисмига сув ёки тозаловчи аралашма тўлдирилган махсус контейнер уланади ва пол ювилади.

Алоқадор мақола:

Чангюткич харид қилишда нималарга эътибор бериш керак?