TikTok’даги янги челленждан болалар ҳалок бўлмоқда!

  •   DiMaX
  •  2159
  •  26.07.2021 11:23

TikTok’даги янги челленждан болалар ҳалок бўлмоқда!

Яқинда Россияда ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, TikTok болалар учун энг хавфли ижтимоий тармоқ деб топилган эди. Унда тарқалган хавфли челленж ҳақида vice.com ресурси ёзмоқда.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонлик тиктокер лайк учун 26 йиллик қабрни кавлади (+видео)

Мазкур аҳмоқона челленж Blackout Challenge деб номланган бўлиб, унда киши TikTok тармоғида камера олдида то ҳушини йўқотгунича ўзини бўғиб туради. Ҳозирда болалар ва ўсмирлар орасида оммалашиб кетган ушбу хавфли «ўйин» туфайли улардан бир нечтаси ҳалок бўлган.

Хабарга кўра, АҚШнинг ўзидаёқ Blackout Challenge оқибатида камида тўрт нафар бола ўзини нобуд қилган. Шулардан бири – Оклахома штатидаги 12 яшар бола ўз уйида беҳуш ҳолда топилган. У нафас олмас эди, бўйнида эса ўзини бўғишдан қолган доғ бор эди. Зудлик билан касалхонага етказилганига қарамасдан, эртаси куни тонгда унинг жони узилган. Полициянинг таъкидлашича, унинг ўлимига айнан шу челленж сабабчи бўлган.

АҚШдаги шунга ўхшаш яна иккита ҳолат эса Мемфис ва Колорадо штатларида юз берган бўлиб, уларда 9 ҳамда 12 яшар болалар ҳаётдан бевақт кўз юмган. Италияда ҳам яқинда бир қиз Blackout Challenge туфайли ҳалок бўлгач, ҳукумат 13 ёшдан кичкина болаларнинг TikTok’да рўйхатдан ўтишини тақиқлаб қўйган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда яқинда – 2 июль куни TikTok ҳамда Twitter сервисларига чеклов ўрнатилган эди.

ЎҚИНГ: TikTok ва Twitter чеклангани ҳақида Кушербаев: «Мен қарши бўлган фойдасиз қонун»