Wi-Fi тармоғига QR-код орқали уланиш

  •   DiMaX
  •  10595
  •  19.01.2018 15:43

Wi-Fi тармоғига QR-код орқали уланиш

Одатда уйимиз ёки ишхонамиздаги умумий интернетни тарқатувчи Wi-Fi тармоғига мураккаб пароль қўямиз, тўғрими? Аммо ҳар гал меҳмон (ёки мижоз) келганида, у ҳам шу тармоқдан фойдалана олиши учун паролни айтишимизга ёки унинг қурилмасида териб беришимизга тўғри келади. Бу эса ортиқча вақтимизни олади, яна баъзан ўзимиз эслай олмасдан, ёзиб қўйилган паролни излай бошлаймиз... Таниш ҳолатми?

ЎҚИНГ: Wi-Fi’га пароль ўрнатишни биласизми?

Биз эса сизга, Wi-Fi тармоғингизга киришлари учун меҳмонларга ортиқча оворагарчиликларсиз ва тезкорлик билан рухсат бериш йўлини ўргатамиз. Бу – тармоққа QR-кодни камера орқали сканерлаш орқали кириш усулидир. Сиз шунақа кодни яратиб, қоғозга чоп этиб қўясиз, ҳар гал меҳмон уни ўз смартфонига камераси орқали «ўқитиб», автоматик тарзда тармоққа уланиб кетаверади. Бунда сизнинг ўзингиз ҳам, меҳмонлар ҳам паролни сақлаб қолишингиз шарт бўлмайди.

Wi-Fi нуқтаси учун QR-код яратиш

Бунинг учун, бепул QR-код генераторлари хизматидан фойдаланасиз, масалан – blog.qr4.nl ёки qifi.org сервисларидан. Унда уланиш нуқтаси (SSID – точка доступа) номини, унга ўрнатилган паролни, шифрлаш турини (WEP, WPA/WPA ёки шифрлашсиз) ҳамда код турини (бизнинг ҳолатимизда бу WiFi бўлади) кўрсатасиз. Уланиш нуқтаси ҳамда шифрлаш турини смартфонингиздаги Wi-Fi созламаларидан кўриб аниқлаштириб олсангиз бўлади, паролни эса эслашга (ёки уни бирор жойга ёзиб қўйган бўлсангиз – излашга) тўғри келади.

Шуларни тугатгач, «Generate» тугмачасини босасиз ва яратилган QR-кодни юклаб оласиз. Кейин эса уни қоғозга чоп этиб, ҳужжатларингиз орасида сақлашингиз, столга қўйиб ёки деворга илиб қўйишингиз мумкин. Шунингдек, бу кодни смартфонингизда сақлаб қўйиб, керак пайти меҳмонларга экранда кўрсатсангиз ҳам бўлаверади.

ЎҚИНГ: Турли браузерларда сақланган паролларни кўриш йўллари

QR-код орқали Wi-Fi тармоғига уланиш

Келган меҳмонлар уйдаги (ёки офисдаги) Wi-Fi тармоғига QR-код орқали уланишлари учун ўз смартфон ёки планшетларидаги камерадан ва махсус иловалардан фойдаланишади. Масалан, Android-қурилмалар учун Barcode Scanner, Apple мобил девайслари учун эса QR Code Reader & Barcode Scanner каби дастурлар бунда қўл келади.

Булардан ташқари, айрим Android-смартфонларда (масалан, Xiaomi’нинг кўпчилик моделларида) ҳамда iOS 11 тизимида камера иловасининг ўзида ҳам QR-кодни ўқиш функцияси мавжуд. Демак, меҳмонларнинг айримлари ҳеч қанақа қўшимча иловаларсиз, шундоққина камерадан QR-кодни сканерлаб, тармоққа уланиб кетаверишлари мумкин.

Сканер ёки махсус илова код турини аниқлаб, олинган маълумотларни интернетга уланиш учун ишлатади. Сиз эса паролни эслаб ёки излаб юришдан, ҳамманинг олдида овоз чиқариб айтиб туришдан қутуласиз. Зўр-а?

ЎҚИНГ: Wi-Fi тармоғи паролини билишнинг 5 усули

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!