Xbox ўйинларини энди смартфон ва планшетда ўйнай оласиз!

  •   DiMaX
  •  1114
  •  07.06.2019 10:58

Xbox ўйинларини энди смартфон ва планшетда ўйнай оласиз!

Microsoft’га алоқаси бўлмаган мустақил дастурчилар OneCast номли илованинг бета-версиясини ишга туширишди. Унинг ёрдамида Xbox One приставкасидаги ўйинларни мобил қурилмаларга стриминг қилиш мумкин.

ЎҚИНГ: Microsoft дисксиз Xbox One S All-Digital Edition консолини тақдим этди (+видео)

OneCast дастурининг бета-талқинини ишлаб чиқувчининг сайтидан мана бу ҳавола орқали юклаб олиш мумкин. Илова APK-файл орқали ўрнатилади, шу боис смартфонингиз ёки планшетингиздаги созламаларга кириб, чет манбалардан (Google Play Market’дан ташқари) дастур ўрнатишга рухсат беришингиз лозим.

Xbox приставкасидан ўйинни OneCast ёрдамида мобил қурилмага узатиш учун бу икки гаджет ҳам битта Wi-Fi тармоғига уланган бўлиши лозим. Ушбу дастур Full HD сифатигача бўлган аниқликда ўйинларни стриминг қила олади. Бунда смартфон ёки планшетдаги ўйинларни Bluetooth ёрдамида уланган Xbox One геймпади ёрдамида бошқариш мумкин. Илова созламаларида турли консоллар учун алоҳида-алоҳида профиллар сақлаш имкони мавжуд.

OneCast’нинг тўлақонли талқини қачон расман тақдим этилиши ҳозирча номаълум. Маълумотларга кўра, у демо-режимда 14 кун мобайнида ишлай олади, кейин эса тўлиқ версиясини бир марталик тўлов орқали харид қилиш керак бўлади.

Бета-версиядаги OneCast эса бутунлай бепул ишлайди, бироқ илованинг тўлақонли релизи чиққанидан сўнг бета-талқини узиб қўйилиши ҳам мумкин. Яна бир жиҳати бор – Microsoft исталган пайтда бундай стриминг имконини ёпиб қўйиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

ЎҚИНГ: ТОП-15: Энг оммабоп ўйин приставкалари – PlayStation 4 атиги 6-ўринда!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!