Xiaomi бу йил 70 млн дона смартфон сотмоқчи, бу эса ҳамёнбоп Mi 5X

Xiaomi бу йил 70 млн дона смартфон сотмоқчи, бу эса ҳамёнбоп Mi 5X

Xiaomi компанияси жорий йилда ўз олдига 70 миллион дона смартфон сотишни мақсад қилиб қўйган. Бу режани уддалаш учун компания қизиқарли ва сифатли гаджетлар яратиши керак бўлади. Бу мақсад йўлида Lanmi суббрендининг ташкил этилиши режа қилинган. Ушбу бренд Xiaomi'нинг Хитой смартфон бозоридаги манфаатларини ҳимоя қилади ҳамда арзон смартфонлари билан Oppo ва Vivo каби жадал ривожланаётган брендларга қарши курашади. 

Xiaomi компанияси шу кунларда бир нечта ҳамёнбоп моделларни бозорга тайёрламоқда. Шулардан бири қуйидаги суратда эълон қилинган Xiaomi Mi 5X. Бу модел 2016 йилда тақдим қилинган Mi5'нинг "меросхўри". Бироқ, янги смартфон кўринишидан Xiaomi Mi5'дан фарқ қилади.

Маълумотларга кўра, бу Mi5 флагманининг соддалаштирилган талқини бўлади. Унга 4 гигабайтли тезкор ҳамда 64 Гб доимий хотирага эга Snapdragon 625 платформаси ўрнатилади. Металл корпусли Xiaomi Mi 5X 5,5 дюймли Full HD экранга эга бўлади.

Шунингдек, Xiaomi Mi 5X учун 2 та сенсорли бош камера тайёрланмоқда. Бу камерада оптик яқинлаштириш функцияси жорий қилинади. Шунингдек, бош камера орқа фонни хиралаштириб олиш функциясига ҳам эга бўлади.

Xiaomi Mi 5X'нинг бозорга $294 доллар баҳосида чиқарилиши кутилмоқда.

Ёш ва ҳаракатчан компания учун 70 миллион дона смартфон катта натижа бўлиши мумкин. Ваҳоланки, айни пайтда смартфон саноатида пешқадам бўлган Samsung ёки Apple бир чоракнинг ўзида 80 миллион донага яқин смартфон сотишга муваффақ бўлади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!