Xiaomi энг қиммат маҳсулотини сотувга чиқаради

Xiaomi энг қиммат маҳсулотини сотувга чиқаради

Жорий ҳафтада Хитойнинг тиним билмас компанияси ҳисобланган Xiaomi ўзининг навбатдаги маҳсулоти учун буюртма қабул қилинаётгани ҳақида эълон берди. Бу маҳсулот смартфон, телевизор ёки сиз ўйлагандек, электроника маҳсулоти эмас. Бу маҳсулот -- хонадон учун бутун бошли мебеллар жамланмаси! Компания бир муддат аввал тақдим қилган модулли мебел кўпчиликда қизиқиш уйғотгач, Xiaomi замонавий мебелчилик муҳандислигида ҳам ўзини синаб кўришга қарор қилди.

Хитойнинг Master Tong бренди бу йўналишда Xiaomi учун энг яқин ҳамкор бўлди. Илк мебеллар тўплами Gaoya Whole House Set деб ном олган. Ундан 25 турдаги турли хилдаги жиҳозлар ўрин олган. Улар меҳмонхона, ётоқхона ҳамда ишлаш хонасига мўлжалланган бўлиб, зарур қулайликни яратади. Мисол учун, телевизор учун тумба, журнал столи, стол ва стуллар, диван ҳамда ётоқхона каравоти, китоб жавони, кийимлар учун шкаф ва бошқа мебел жиҳозлари.

Уларнинг барчаси яхлит услубда, бир турдаги табиий материаллардан, хусусан ёғоч ҳамда чарм маҳсулотларидан тайёрланган. Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, жез (мис ва руҳ қотишмаси) металлидан тайёрланган ёрдамчи материал юзасига тилла рангли зарҳал металл югуртирилган.



Мебеллар жамланмаси ¥29 999 юанга, яъни $4400 долларга баҳоланган. Айни пайтда мазкур лойиҳани молиялаштириш истагида бўлганлар сони тобора ошиб бормоқда. Хоҳловчилар ўзларига маъқул бирор мебелни алоҳида ҳам буюртма қилишлари мумкин. Жиҳозлар 7 октябрдан бошлаб етказиб берилади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!