Xiaomi расман Mix Fold 2 букламафонини тақдим қилди

Xiaomi расман Mix Fold 2 букламафонини тақдим қилди

Август букламафонлар ойлиги бўлди. Сўнгги бир неча кунда биз бир-биридан ажойиб букламафонлар тақдимотини кўрдик: Samsung компаниясидан Galaxy Z Fold4 / Flip4, Motorola'дан Razr 2022. Бир томондан Galaxy Z Flip 4 ва Razr 2022 қизғин баҳс олиб бораётган вақтда, Galaxy Z Fold 4 ҳам ёлғиз қолгани йўқ. Унга Xiaomi'нинг Mix Fold 2 букламафони рақобатчилик қилади.

Xiaomi кеча Хитойда ўзининг йилдаги энг катта тадбирларидан бирини ўтказди ва унда узоқ кутилган Mix Fold 2 букланадиган смартфонини тақдим қилди. Букламафон ўзининг ўта ингичка танаси билан бошқалардан ажралиб туради. Унинг қалинлиги очилган, яъни планшет ҳолатида атиги 5.4 мм, ёпилганида эса камера билан 11.2 мм бўлиб, Galaxy Z Fold4 (6.3 мм / 15.8 мм) билан таққослаганда сезиларли даражадаги фарқни кўриш мумкин.

Xiaomi бу натижага эриши учун қурилма батарея ҳажмини 4,500 мА/с гача камайтиришга мажбур бўлган. Айтиш керакки, ўтган йилги Mix Fold 5,020 мА/с ҳажмдаги батареяга эга эди. Бироқ, ҳавотирга ўрин йўқ, чунки букламафонга Qualcomm'нинг Snapdragon 8+ Gen 1 чипсети ўрнатилган ва унинг қувват самарадорлиги билан батарея бир кунгача етади. Шунингдек, кичикроқ батарея билан букламафонни 67 Вт тезликда атиги 40 дақиқада 100% қувватлаш мумкин.

Mix Fold 2 нинг ингичкалигидан ташқари, Xiaomi унинг букланадиган ошиқ-мошиқ технологиясини анча яхшиланга ва бунинг натижасида эса ички дисплей марказидаги бурма камроқ сезилади. Дипслейга келадиган бўлсак, ички томондаги каттаси 8.02 дюймли, 2.5К резолюциядаги, Eco OLED бўлиб, у ултра-ингичка (0.03 мм) эгилувчан ойна билан қопланган ва бу ўтган йилгисига қараганда 2.25 марта кучлироқдир. Ташқи томондаги 6.56 дюймли OLED экрани эса Gorilla Glass Victus билан ҳимояланган. Уларнинг иккови ҳам 120 гигагерцда янгиланади.

Шунингдек, Mix Fold 2 янгича дизайндаги камера модулида, Sony'нинг 50 мегапикселлик IМХ766 камерасига, қўшимчасига, Leica'нинг 13MP ултра-кенг ва 8MP телефото камераларига эга. Селфи камера эса фақат ташқи "смартфон" экранда мавжуд ва у 20MP.

Букламафон 12 ГБ оператив ва 1 ТБ гача доимий хотира билан худди Galaxy Z Fold4 каби Android 12L операцион тизимида ишлайди, фақат ўзининг MIUI Fold 13 қобиғида.  

Xiaomi Mix Fold 2 тилларанг ва қора рангларда хотира конфигурациясига қараб 16 августдан Хитойда қуйидагича нархларда сотувга чиқарилган:

12ГБ + 256ГБ = 8999 юан (~1,336 доллар)

12ГБ + 512ГБ =  9,999 юан (~1,484 доллар)

12ГБ + 1ТБ = 11,999 юан (~1,780 доллар)

Афсуски, букламафоннинг глобал бозорга чиқарилиши ҳақидаги маълумотлар йўқ.

ЎҚИНГ: Xiaomi ўзининг илк гуманоид роботини тақдим қилди!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!