Xiaomi янги Poco X5 сериясини тақдим этишга яқин

Xiaomi янги Poco X5 сериясини тақдим этишга яқин

Poco X5 моделларининг техник кўрсаткичлари европалик ритейлерлар томонидан ошкор қилинди. Демак, серия яқин вақтлар ичида тақдим этилади. 

Ритейлер очиқлаган маълумотларга кўра, Х5 Pro модели 1080Х2400п резолюциядаги 6.68 дюймли AMOLED дисплейи билан жиҳозланган. Ритейлер дисплей қандай частотада ишлаши ҳақида маълумот бермади, аммо унинг аввалги Poco X4 Pro каби 120 гертда ишлаш эҳтимол юқори. 

Янги модель Snapdragon 778G чипи билан жиҳозланади. X4 Pro модели Snapdragon 695 чипига эга эканлигини ҳисобга олсак, буни катта ўзгариш дейиш мумкин. Хотирада икки хил танлов бор - 6/128ГБ ва 8/256ГБ. Иккаласини microSD картаси билан кенгайтириш мумкин. Смартфон Android 12 операцион тизимига асосланган MIUI 14 график қобиғида ишлашини ҳам айтиб ўтиш зарур. 

Орқа панелда худди ўтган йилги модель каби 108МП асосий камера ўрин олган. Бироқ янги чипсет сабаб энди 4К форматда видеога олиш мумкин. Асосий камерадан ташқари, у ерда 8МП ультракенг ҳамда 2МП макро камералар жойлашган. Олд панелга 16МП селфи камера ўрнатилган. 

Аккумулятор сиғими ва қувватлаш тезлигида ўзгариш бўлмайди, яъни қурилмага 67 ваттда қувват олувчи 5,000 мАс сиғимли аккумулятор ўрнатилади. Олд ойна Gorilla Glass 5 ойнаси билан ҳимояланади. Ҳозирча смартфоннинг нархига оид ҳеч қандай маълумот йўқ. 

Poco X4 Pro моделининг 6/128ГБ хотирага эга версияси 300 евро, 8/256ГБ версия эса 350 евро нархда сотувга чиққан. X5 Pro ҳам худди шу нархда сотувга чиқиши мумкин, бироқ Snapdragon 778G қурилма унумдорлигини 695 чипига қараганда анча оширади. Шунинг учун нарх ошиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. 

Смартфон кўк, қора, сариқ рангда сотувга чиқади. 

Pro моделдан ташқари оддий Poco X5'нинг техник кўрсаткичлари маълум бўлди. Қурилма 120 гертда ишловчи 7.67 дюймли AMOLED дисплейи ҳамда Snapdragon 695 чипига эга бўлади. Pro моделга қараганда оддий моделнинг техник кўрсаткичлари бироз пасйтирилган. Мисол учун, у 48МП асосий камера билан жиҳозланган. Орқа панелдаги қолган камералар худди Pro модель каби 8МП ультракенг ҳамда 2МП макро. Олд панелда 13МП селфи камера жойлашган. 

Poco X5 ҳам 5,000 мАс сиғимли аккумулятор эга, бироқ қувватлаш тезлиги 33 ваттга туширилган. Қурилманинг 6/128ГБ ҳамда 8/256ГБ хотирага эга турлари мавжуд бўлиб, microSD картаси билан уни янада кенгайтириш мумкин. Смартфон яшил, кўк ва қора рангларда бўлади. 

Poco X5 Pro ташқи кўриниши билан худди X4 Pro моделига ўхшайди. Эҳтимол, Xiaomi смартфон дизайнини ўзгартирмасликка қарор қилгандир. Унинг техник кўрсаткичлари эса Redmi Note 12 Speed Edition смартфонига жуда ўхшаш. Оддий модель эса ташқи кўринишидан Redmi K50i, техник кўрсаткичлари билан эса Redmi Note 12 эслатиб юборади. 

ЎҚИНГ: Galaxy S23 Ultra'да олинган видео YouTube'да пайдо бўлди 

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.