Хушхабар: эски iPhone’лар ҳам 3D Touch функциясига эга бўляпти!

  •   DiMaX
  •  978
  •  14.06.2018 14:31

Хушхабар: эски iPhone’лар ҳам 3D Touch функциясига эга бўляпти!

iOS операцион тизимининг янги – 12-талқини «тишланган олмали» қурилмаларга янада тезкорлик ва қулайлик бахш этади. Шу билан бирга, у ҳатто эски моделлардаги айрим айфонларга ҳам бир қатор янги имкониятларни қўшади.

ЎҚИНГ: iOS 12'да яна бир қизиқ функция пайдо бўлди

Бу ерда гап 3D Touch технологияси ҳақида кетмоқда – унинг айрим функциялари iPhone 5s ҳамда iPhone 6 каби нисбатан эски моделлардаги қурилмаларга ҳам жорий этилмоқда.

Ушбу смартфонлар эгалари ўз айфонларидаги виртуал клавиатурани «трекпад» сифатида қўллаш имкониятига эга бўладилар. Энг аввал iOS 9 талқинида жорий этилган мазкур функция матнлар билан ишлашда бошқарувни анча осонлаштиради. iOS 12 талқинигача ҳам у 3D Touch’ли айфонларда бўлган, аммо янги версия шарофати билан iPhone 5s ҳамда iPhone 6 моделларига ҳам татбиқ этиляпти.

Афсуски, 3D Touch’нинг айрим опцияларидан iPhone 5s ва iPhone 6 эгалари фойдалана олмайдилар. Булар – керакли сўзни, абзацни ёки жумлани белгилаб олиш учун кучлироқ босиш; шунингдек, кучлироқ босиш орқали «курсор» ва «матнни белгилаш» режимларининг биридан иккинчисига ўтиш кабилардир.

Таъкидлаш ўринлики, янги моделлардаги iPhone’ларда ҳам, агар созламалари орқали 3D Touch ўчириб қўйилган бўлса, мазкур функция худди мана шундай ишлайди.

ЎҚИНГ: iPhone эгалари ҳаётини соддалаштириш учун 3D Touch’нинг 5 имконияти

Хўш, эски моделдаги – 3D Touch’ни қўллаб-қувватламайдиган айфонларда «трекпад» режимини қандай фаоллаштирамиз?

Бунинг учун «Пробел»ни босганча бир неча сония ушлаб турамиз. Шундан сўнг виртуал клавиатура матнни курсор ёрдамида белгилаш режимига ўтади.

Белгилаш режимига ўтиш ҳам шунақа осон – «Пробел»ни босиб турган ҳолда клавиатурадаги кул ранг ҳудудга тегиниш керак. Сўнг исталган матнни белгилаб олишингиз мумкин бўлади. Контекст менюни чақириш учун эса белгиланган матнга тегиниш кифоя.

Эслатиб ўтамиз, iOS 12 ушбу йилнинг кузида барча моделлардаги iPhone’лар учун тақдим этилади.

ЎҚИНГ: Apple: "iOS 12'га янгиланадиган смартфон ва планшетлар"

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.