ХУШХАБАР: Ўзбекистонда IMEI-коди мос келмаган смартфонлар ҳозирча блокланмайди!

  •   DiMaX
  •  1509
  •  09.04.2019 12:32

ХУШХАБАР: Ўзбекистонда IMEI-коди мос келмаган смартфонлар ҳозирча блокланмайди!

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги яқинда «Республикамиз ҳудудларида мобил алоқа тармоқларини кенгайтириш ва мобил қурилмаларни ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш тизимини жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида» матбуот анжумани ўтказганди. Унда мобил қурилмаларни ҳисобга олиш тизимининг жорий этилиши мамлакатимизда 2019 йилнинг 1 апрелидан бошланиши ҳам қайд этилган.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда 1 апрелдан барча смартфон ва планшетлар IMEI-коди бўйича БЕПУЛ рўйхатга олинмоқда!

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон GSM-операторлари тармоқларида фойдаланиладиган барча мобил қурилмаларнинг автоматик тарзда рўйхатга олиш бошланган ва бунинг учун абонентлардан – смартфон ва планшетлар эгаларидан ҳеч қандай ҳақ олинмайди.

Ҳисобга олиш ва қурилмани рўйхатдан ўтказиш тизими қуйидагилардан фойдаланишни чеклашга имкон беради:

1) контрафакт қурилмаларни – яъни IMEI-коди қурилманинг ҳақиқий моделига мувофиқ келмайдиган қурилмани,

2) ўғирланганлик ёки йўқотганлик сабабидан «қора рўйхат»га кириб қолган қурилмани,

3) божхона назоратидан ўтмаган қурилмаларни.

Телефонингиз IMEI-коди мақомини тўғрилигини UZIMEI.UZ тизимининг расмий сайтида текшириб олишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: Android-смартфон оригиналлигини аниқлашнинг энг содда ва ишончли усули

МУҲИМ САВОЛ: Хўш, агарда смартфон ёки планшетнинг IMEI-коди мақоми GSMA ассоциацияси базасидаги маълумотга тўғри келмаса нима бўлади?

Бугун – 9 апрель куни Spot нашрининг ёзишича, IMEI-коди қурилманинг амалдаги моделига тўғри келмаган телефонлар ҳозирча блокланмайди. Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги Телекоммуникация тармоқларини истиқболли ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Тимур Машанпин хабар берган. Унинг «Ўзбекистон 24» телеканалига маълум қилишича, тизим босқичма-босқич жорий этилади, шу боисдан ҳам вазирлик IMEI-коди қурилманинг амалдаги моделига тўғри келмаган девайсларни блоклаб қўймасликка қарор қилган.

Машанпиннинг айтишича, фақат ўғирланганлиги ёки йўқотиб қўйилганлиги сабабли «қора» рўйхатга тушиб қолган телефонларгина блокланиши мумкин. бунинг учун смартфон ёки планшетини ўғирлатиб (йўқотиб) қўйган киши ички ишлар бўлимига ҳамда мобил алоқа операторига хабар бериши лозим. Шунда ички ишлар бўлими Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигига тегишли сўровномани юборади ва вазирлик мазкур қурилмани «қора» рўйхатга киритиб қўяди.

Бошқарма бошлиғининг сўзларига кўра, мобил қурилмаларни IMEI-коди бўйича автоматик рўйхатга олиш жараёни якунлангач, IMEI-коди девайснинг ҳақиқий моделига мувофиқ келмайдиган гаджетларни ҳам блоклаш бошланади. Лекин автоматик рўйхатга олиш жараёни қачон тугалланишини вазирлик масъул ходими аниқ айтмаган.

ЎҚИНГ: Samsung смартфон ва планшетларининг оригиналлигини аниқлаймиз (+видеоқўлланма)

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!