Янги чиққан iPhone14 қийноққа солинди!

Янги чиққан iPhone14 қийноққа солинди!

JerryRigEveything тахаллуси билан танилган YouTuber - Зак Нелсоннинг бу сафарги "ўлжаси" янги чиққан iPhone 14 смартфони бўлди. Ўзининг навбатдаги видеосида, Нелсон ҳар доимгидек смартфонни қутидан янги очади ва ўйлаб ўтирмасдан ўзининг махсус қуроллари билан уни "қийноққа солиш"ни бошлайди.

Энг биринчи бўлиб, смартфоннинг Ceramic Shield билан ҳимояланган экрани Моҳс қаттиқлик шкаласи бўйича тирналишарга қарши синалди. 9 баллик тизимнинг олтинчи даражасидаёқ бироз заиф, еттинчи даражасида эса аниқроқ кўринадиган тирналашлар пайдо бўлди. Нелсоннинг таъкидлашича, бу оддий темперли шиша ойна натижасидан кўра яхшироқдир.

Кейинги "қийноқ жараёни" эса сочингизни тикка қилиши аниқ: Нелсон ўзининг пичоғи билан смартфоннинг алюминий билан ўралган ён томонларини қиришни бошлади. Гарчи рамканинг яхлитлиги қурилмани етарлича ҳимоя қила олаётган бўлса ҳам, у ўзида бўёқларни ушлаб тура олмади.

Камера линзаларига ўтадиган бўлсак, Нелсон уларнинг кутилганидан ҳам осонроқ тирналишидан ҳайрон эканлигини маълум қилди. Бунда у iPhone 14 эгаларига агар камера учун ҳимоя воситаларидан фойдаланишмаса, смартфонни жойларга қўйишда эҳтиёткор бўлишни маслаҳат беради.

Навбатда куйдириш тести. Балки буни синов тури деб ҳам бўлмас, ахир ҳеч ҳам смартфонингизни ёниб турган оловда узоқ вақт ушлаб турмайсизку? Аммо, Нелсонни ҳеч нима тўхтата олмади. У ўзининг зажигалкасини ёқиб, смартфон экранини куйдиришни бошлади. Албатта, буни охири яхшилик билан тугамади ва пикселлар 20 сониядан сўнг "ўлиш"ни бошлади.

Қийноқ сўнггида, Нелсон смартфонни эгиб ҳам кўрди. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, iPhone 14 тирналди, куйди, бироз букилди, лекин синмади.

ЎҚИНГ: iPhone 14 Pro смартфонларидаги камера муаммоси кейинги ҳафта ҳал қилинади