PlayStation 5 аллақачон Xbox Series X устидан илк ғалабасини қозонди

  •   DiMaX
  •  1075
  •  10.01.2020 14:15

PlayStation 5 аллақачон Xbox Series X устидан илк ғалабасини қозонди

Sony ўзининг навбатдаги – PlayStation 5 ўйин приставкасини эълон қилганидан бери унинг кўриниши ва хусусиятлари ҳақида маълумотлар тарқалмоқда. Terabayt.uz’да унинг рендер видеоси, шунингдек, консолнинг ва геймпаднинг илк «жонли» расмлари ҳам эълон қилинган.

ЎҚИНГ: PlayStation учун DualShock 5: Энди ўрта бармоғингиз ҳам бўш қолмайди!

Ишлаб чиқарувчи куни кеча PlayStation 5 ўйин консолининг расмий логотипини Instagram-аккаунтида эълон қилган эди. Шундан кейинги 48 соат мобайнида унга 5 миллиондан ортиқ «лайк» қўйилган ва 136 мингдан зиёд изоҳ ёзилган!

Microsoft компанияси аввалроқ унинг асосий рақиби – Xbox Series X приставкасини эълон қилиб, унинг логотипини Instagram’га жойлаганида, 48 соатда атиги бир миллионтача лайк тўплай олган эди. Бундан англашиладики, PlayStation 5 ҳали тақдим этилмасиданоқ унинг устидан биринчи ғалабасини қозониб улгурди.

ЎҚИНГ: Microsoft янги консоли – Xbox Series X ва геймпадини тақдим этиб, кулгига қолди (+видеолар ва мемлар)

Бироқ адолат юзасидан шуни ҳам таъкидлаш керакки, Instagram тармоғидаги Sony PlayStation саҳифаси 22 миллиондан ошиқ обуначига эга, Xbox саҳифасига эса «атиги» 10 миллионтача киши обуна бўлган. Лекин барибир, юқорида келтирилган кўрсаткич – «лайк»лар сонидаги фарқ жуда катта.

Sony Interactive Entertainment президенти Жим Райан (Jim Ryan) аввалроқ, PlayStation 5 энг яхши контентни таклиф этишини айтган эди. Шунингдек, унинг таъкидлашича, мазкур приставканинг ўз рақибларидан устунлигини таъминловчи асосий жиҳатлари ҳалиям сир тутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Metacritic агрегатори охирги ўн йилликнинг энг яхши ўйинларини иккита рейтингда акс эттирган, шунингдек, 2019 йилнинг энг ёмон ўйинлари ўнталигини эълон қилган эди. Булардан ташқари, видеоўйинлар оламидаги ўзига хос «Оскар» ҳисобланувчи The Game Awards 2019 совриндори бўлган ўйинлар, The Verge нашрига кўра 2019 йилнинг энг зўр видеоўйинлари ўнталиги ҳамда Valve талқинидаги 2019 йили энг кўп сотилган ва энг оммалашган ўйинлар рейтинги ҳам эътиборга лойиқ.

ЎҚИНГ: PlayStation учун энг оммабоп ўйинлар – учта рейтингда

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.