АҚШдан мустақил Россия интернетини яратишмоқчи, лекин қандай қилиб?

  •   DiMaX
  •  784
  •  15.12.2018 12:41

АҚШдан мустақил Россия интернетини яратишмоқчи, лекин қандай қилиб?

Россия Федерацияси геосиёсий сабабларга кўра жаҳон интернетидан узилиб, ўз «ички интернет»ини яратишни мўлжалламоқда. Масала жиддий, ҳатто бу ҳақда Давлат Думасига қонун лойиҳаси ҳам киритилди.

ЎҚИНГ: БОШЛАНДИ: Голландия аллақачон Россияга «кибер-уруш» эълон қилди!

Геосиёсий рақиблар узиб қўя олмайдиган «Мустақил рунет» ғояси ҳали 2014 йили – Ғарб билан зиддиятлар кучайган палладаёқ ўртага ташланган эди. Лойиҳа муаллифларининг таъкидлашларича, бунда хорижий трафикнинг блокланиши ҳақида гап кетмаяпти. Аммо экспертларнинг фикрича, буни амалда қўллаш мушкул бўлади.

Ушбу лойиҳани Федерация Кенгаши аъзолари – Андрей Клишас ва Людмила Бокова, шунингдек Госдума депутати Андрей Луговой киритган. «Россиянинг киберҳужумлари ҳақида АҚШнинг баёнотлари ҳамда атрофдагиларнинг тажовузкорлиги шароитида биз Россияда интернетнинг хавфсизлигини таъминлашимиз лозим – агар АҚШ асосий серверларга киришни чекласа ҳам ишлайдиган бўлсин», дейди Луговой. Унингча, бу ерда гап хорижий интернет-трафикни блоклаш ҳақида эмас, балки АҚШдаги серверлар блоклаб қўйилганида ҳам Россияда интернет ишлайверадиган бўлиши ҳақида кетаётир.

Лойиҳага кўра, Россиянинг алоқа операторлари ўз тармоқларига шундай жиҳозлар ўрнатишлари керакки, улар узатиладиган ахборот манбаларини аниқлаши ва зарурат бўлса блоклаши лозим. Жараён устидан назорат ўрнатиш учун бутун Россия алоқа инфратузилмасини мониторинг қилиш марказини яратиш таклиф этилмоқда. Ушбу марказ интернет-трафик маршрутизациясини кузатиб боради, дейди Луговой. Марказнинг фаолиятини эса Роскомнадзор назорат қилиб боради, бу ташкилот Россия ички траффигининг хорижий транзит алоқа узеллари орқали имкон қадар кам ўтишини таъминлаши даркор.

Мустақил интернет тармоғини яратиш – Россия ҳукумати учун унчалик янги ғоя эмас. 2014 йилнинг июлида Россия Федерациясининг Рақамли тараққиёт, алоқа  ва оммавий коммуникациялар министрлиги (Министерство цифрового развития, связи и массовых коммуникаций; қисқача айтилиши – Минкомсвязи) махсус ўқув тадбири ўтказган. Унинг мақсади Россияда интернетнинг автоном ишлаш барқарорлигини текшириб кўриш эди. Аммо бунда рунетнинг заифлиги аниқланди ва унинг натижалари ҳақида Хавфсизлик кенгашида президентга ҳисобот беришган. Россия алоқа операторлари ўз ускуналарини шундай созлашлари керакки, фавқулодда вазият юзага келиб қолса, мамлакат интернетини тезкорлик билан глобал интернетдан узиш мумкин бўлсин. Луговойнинг таъкидлашича, бугунги кунда шундай қилиш имкони бор ва бунинг учун қўшимча маблағ ҳам шарт эмас, шунчаки жиҳозларни қайтадан созлаш керак бўлади.

«Мустақил рунет» ҳақидаги қонун лойиҳаси ҳам Госдумага илк бора киритилаётгани йўқ. Юқорида эслаб ўтилган ўқув тадбирлари якунлари бўйича 2016 йили Минкомсвязи шунга ўхшаш лойиҳа ишлаб чиқиб, муҳокамага қўйган, аммо унга бошқа министрликлар салбий муносабат билдиришган эди. «ПИР-центр» нодавлат ташкилоти ахборот хавфсизлиги бўйича маслаҳатчиси Олег Демидов фикрича, янги лойиҳани ҳам амалиётга татбиқ этиш ўта қийин бўлади. Зеро, Россия ичида ўз домен тузилмасини яратиш мумкин, аммо уни жаҳон тизимига жойлаштириш қийин. Мустақил Россия интернетидан кимдир фойдаланиши ҳам даргумон – ҳамма умумжаҳон тармоғига чиқиш йўлини қидиради ва топади ҳам, дейди эксперт.

ЎҚИНГ: Интернети «эркин бўлмаган» мамлакатлар

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!