Атиги 24 долларлик, аммо қуввати нақ уч ҳафтага етувчи Nokia 106 тақдим этилди!

  •   DiMaX
  •  2966
  •  14.11.2018 18:49

Атиги 24 долларлик, аммо қуввати нақ уч ҳафтага етувчи Nokia 106 тақдим этилди!

HMD Global компанияси турли моделлардаги смартфонлари билан Nokia маркасининг нуфузини анчагина тиклаб олди. Шунингдек, бу бренднинг «қадимги» – тугмачали телефонларини ҳам эсдан чиқариб қўйгани йўқ.

ЎҚИНГ: 4G’да ҳам ишлайди: Nokia яна бир янги тугмачали телефон чиқармоқда

Мазкур компания янги – Nokia 106 телефонини расман намойиш этди. Бу – фақат базавий функцияларга эга, ҳатто камераси ҳам бўлмаган арзон қурилмадир.

HMD Global ушбу телефоннинг асосий афзаллиги сифатида унинг автономлиги кучли эканини, яъни – аккумуляторнинг битта тўла қуввати билан узоқ вақт ишлай олишини кўрсатмоқда. Nokia 106 моделига ток сиғими 800 мА/соатга тенг бўлган, олинувчи батарея ўрнатилган. Компаниянинг таъкидлашича, унинг қуввати сўзлашув режимида 15,7 соатга, кутиш режимида эса нақ 21 кунга етади! У microUSB порти орқали USB-кабел орқали қувватланади.

ЎҚИНГ: Nokia 3310 4G жиҳатлари расман маълум қилинди

Nokia 106 иккита Mini-SIM карта уячасига эга. Телефоннинг рангли QQVGA дисплейи диагоналига 1,8 дюймлик. FM-радио ҳам бор, фақат ундан фойдаланиш учун антенна сифатида 3,5 миллиметрлик оддий қулоқчин тақилиши шарт.

Телефонда 2000 тагача контакт, 500 тагача матнли хабар сақлаш мумкин. Унда ушбу бренд телефонларининг афсонавий ўйини – «Илонча» (Snake Xenzia) бор. Шунингдек, Nitro Racing, Danger Dash, Tetris ва бошқа айрим ўйинларнинг таништирув версиялари ҳам ўрнатилган.

Ҳар хил шароитларни назарда тутиб, HMD Global бу телефонга қўлчироқ (фонарик) ҳам жорий этган. Nokia 106 корпусининг ўлчамлари 111,15х49,5х14,4 миллиметрга тенг ва у 70,2 грамм тош босади.

Хабарларга кўра, Nokia 106 телефони ноябрдаёқ Россияда сотувга чиқади, унинг тавсия этилган нархи 1590 рублга тенг. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, бу – тахминан 23,50 АҚШ доллари атрофидаги қиймат!

Ушбу телефоннинг Ўзбекистон бозорларига қачон кириб келиши ҳозирча номаълум. Terashop.uz интернет-дўконимизда эса мазкур бренднинг иккита телефони савдога қўйилган. Сариқ корпусли «бананафон» – Nokia 3310 (2017) девайсини атиги 529 000 сўм эвазига харид қилиш, қора тусли «ғишт» телефон – Nokia 8110 4G 2018 моделини эса 759 000 сўмга сотиб олиш имкони бор.

ЎҚИНГ: «Малика»даги дўконлар ишламаяпти – нима гап ўзи?