iPhone 8 билан бир вақтда Apple Watch 3 ҳам намойиш этилиши мумкин

  •   DiMaX
  •  1018
  •  27.07.2017 10:27

iPhone 8 билан бир вақтда Apple Watch 3 ҳам намойиш этилиши мумкин

Apple ақлли соатларининг асосий ишлаб чиқарувчиси Quanta Computer шу йилнинг иккинчи ярмида ноутбуклар, серверлар ва тақилувчи гаджетлардан келадиган даромади ошишини кўзламоқда. Бу эса, янги Apple Watch модели яқин орада чиқарилишини англатади, деб ёзади Хитойнинг Digitimes нашри.

Асосий етказиб берувчи

Манба Apple Watch’нинг кейинги авлоди ишлаб чиқарилишига тўғридан-тўғри ишора қилмоқда ва унинг савдоси туфайли Quanta даромади ўсишини айтмоқда. Ушбу компания Apple ақлли соатлари олдинги иккита авлодининг асосий етказиб берувчиси ҳисобланади ва ҳозиргача шу мақомини сақлаб келмоқда.

Compal Electronics ҳам Apple учун соатларни етказиб беради, аммо у фақат олдинги авлодларга мансуб моделларни қайта ишлайди. Apple Watch Series 3 эса тўлалигича Quanta Computer’га қолади, дейилмоқда хабарда.

Ундан қўнғироқ қилса бўлади!

Шунингдек, интернетда тарқалган гап-сўзларга қараганда, «Олма»нинг янги соатлари уяли алоқани ҳам қўллаб-қувватлаши мумкин.

Шу тариқа, iPhone’га қўшимча тарзида ишлаб чиқарила бошлаган бу қурилма бутунлай мустақил гаджетга айланади. Яъни, унинг ўзиданоқ қўнғироқларни амалга ошириш, интернет-сервислар орқали мусиқа тинглаш мумкин бўлади; булар учун ёнингизда смартфон ҳам бўлиши талаб этилмайди.

Албатта, мазкур функцияларни бажара олиши учун Apple Watch Series 3’нинг дастурий таъминот қисми ҳам «бақувватроқ» бўлади.

Энг муваффақиятли тақилувчи гаджет

Бугунги кунда Apple Watch – бозорга чиқарилган ақлли соатлар орасида энг оммабопи ҳисобланади.

Apple ўтган йили мазкур девайсдан деярли 12 миллион дона сотишга эришди. Canalys’нинг февралдаги ҳисоботига кўра, ушбу муваффақиятлар смарт-соатлар бозорининг 49 фоизини Apple эгаллашига олиб келди, дейилади BGR хабарида.

Биргаликда қизиқроқ

Юқорида айтиб ўтилганларни назарда тутсак ва watchOS’нинг янги версияси ҳам яқин орада тақдим этилишини ҳисобга олсак, яна бир тахмин келиб чиқади. Яъники, Apple Watch Series 3 қурилмаси шу йилнинг кузида, iPhone 8 ва iPhone 7s смартфонлари билан биргаликда намойиш этилади.

 Бу борадаги янгиликлардан биринчилар қаторида бохабар бўлиш учун биздан узоқлашманг!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!