“Стив Жобс” муаллифи: “Apple энди энг илғор компания эмас”

“Стив Жобс” муаллифи: “Apple энди энг илғор компания эмас”

Apple корпорацияси асосчичи Стив Жобс ҳаётига бағишланган илк расмий таржимаи ҳол китобининг муаллифи – Уолтер Айзексоннинг фикрича, Apple қўлга киритаётган ютуқлар Google ҳамда Amazon компаниялари эришаётган муваффақиятлар қаршисида сояда қолади. Муаллиф бу тўғрида Американинг CNBС телеканали билан ўтказилган интервью чоғида маълум қилган.

Айзексоннинг айтишича, Google ва Amazon инновацион ғояларни илгари суришда Apple’дан ўзиб кетиб, бугун IT-компаниялар орасида яққол етакчилик қилишмоқда. Жумладан, Айзексон “олма” корпорацияси ишлаб чиққан Siri ақлли тизимининг фақат мобил платформа билан чекланганлигини айтди. Ваҳоланки, Amazon Echo ва Google Home каби, бу ёрдамчидан уй шароитида ҳам яқин ёрдамчи сифатида фойдаланиш мумкин.

«Apple энди энг инновацион компания деган номни йўқотди, – дейди ёзувчи . – Улар бошқаларнинг маҳсулотларидан фойдаланишни маъқул кўришмоқда. Мисол учун, виртуал воқелик технологияси масаласида Apple’дай компаниянинг Google ҳамда Amazon маҳсулотларидан фойдаланиши таассуфли ҳолат».

Айзексон Google’нинг уйда фойдаланиладиган ақлли тизим ва ёрдамчи воситаларнинг яратишига ҳам ижобий баҳо берган. Бу масалада ҳам Apple қолоқ. Унинг сўзларига кўра, Стив Жобс доимо саноатни ва бозорни ўзгартириб юборадиган ғояларни илгари сурган.

«Бугунги қолоқ фаолият Apple’дек қудратли компания учун ачинарли. Боиси, у қонидаги илғорлик билан тирик», – дейди Уолтер Айзексон. Муаллиф 3 йил аввал ҳам iPhone ишлаб чиқарувчиси муносиб етакчига эга бўлмагани, Тим Кукнинг Apple’даги йўлбошчилиги хато қарор эканини айтган эди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!