Tesla Model S пойга трассасида жаҳон рекордини янгилади! (+видео)
Илон Маск ўзининг Twitter-блогида Tesla электрокарининг яна бир ютуғи ҳақида хабар берди. Унга кўра, Model S электромобили пойга трассасида янги рекорд ўрнатган.
ЎҚИНГ: Tesla’нинг бизга кераги йўқ – энди Андижонда ҳам электромобиль ишлаб чиқарилади!
Американинг мураккаб бурилишларга тўла Mazda Raceway Laguna Seca пойга трассаси пойгачилар орасида жуда машҳур. Маскнинг таъкидлашича, Tesla Model S серияли тарзда чиқарилган тўрт эшикли автомобиллар тоифасида мазкур йўлни босиб ўтиш тезлиги бўйича рекорд ўрнатган. Ушбу электрокар мазкур трассани 1 дақиқаю 36,555 сония мобайнида забт этган – бу эса ўз тоифаси бўйича олдинги жаҳон рекордидан бир сонияга тезкорроқдир.
Рекорд қайд этилган ушбу жараённи қуйидаги видеода кўрамиз:
Эсингизда бўлса, аввалроқ Ўзбекистон президентининг куёви Тошкент кўчаларида автомашинани тезликни ошириб ҳайдагани ва бунинг учун ўз ихтиёри билан жарима тўлагани анча шов-шувларга сабаб бўлганди. Ушбу қоидабузарлик айнан Tesla автоуловида содир этилган бўлиб, унинг айни шу – Model S электромобили бўлиши эҳтимоли юқори.