10 ГБ «оперативка»ли илк смартфон – Xiaomi Black Shark 2 тақдим этилди!

  •   DiMaX
  •  1826
  •  24.10.2018 10:33

10 ГБ «оперативка»ли илк смартфон – Xiaomi Black Shark 2 тақдим этилди!

Xiaomi компанияси ўзининг иккинчи авлод ўйинбоп смартфони – Black Shark Helo моделини тақдим этди. Хитойдан ташқарида у Xiaomi Black Shark 2 номи билан бозорга чиқарилади.

ЎҚИНГ: ЭКСКЛЮЗИВ ВИДЕО: iPhone Xs Max’дан ҳам кучли Xiaomi Black Shark 2 смартфонини «жонли» томоша қилинг!

Black Shark Helo учун Samsung томонидан ишлаб чиқарилган AMOLED-экран танланган. Диагоналига 6.01 дюймлик ушбу дисплейнинг тасвир аниқлиги 2160x1080 пикселга тенг. Алоҳида чип эвазига бу экран тасвирларни тезкорлик ва аниқлик билан қайта ишлайди ҳамда HDR10 стандартини қўллаб-қувватлайди.

Геймерофоннинг корпуси олд панелига стереодинамиклар ўрнатилган. Орқа қопқоғидаги логотипи ҳамда ёнидаги чизиқлари RGB-ёритқичлар билан таъминланган. Xiaomi’нинг таъкидлашича, Black Shark 2 антенналарининг янгича дизайнда ўрнатилгани эвазига у ҳар қандай вазиятда ҳам симсиз сигнални барқарор сифатда қабул қила олади.

Black Shark Helo дизайнига сал ўзгариш киритилган – орқа панелида камеранинг LED-фоточақноғи ва иккита модули, улар остида эса бармоқ изи сканери тиккасига жойланган. Тезкор қувватлаш учун USB Type-C порти ҳам мавжуд, аммо қулоқчин учун 3.5 миллиметрлик тирқиш йўқ.

Мазкур смартфон ҳам ўз «аждод»и каби, аммо янгиланган суюқликли совитиш тизимига эга – шунинг эвазига у ҳар қандай тезкорликда ишлаганида ҳам қизиб кетмайди ва максимал частотада ҳам нақ 6 каррагача узоқ ишлай олади!

Бундан ташқари, тизимга киритилган Gamer Studio дастурий таъминоти процессорнинг, тармоқнинг ҳамда дисплей сенсорининг параметрларини ўйинга ёки бошқа вазифаларга мослаб созлаш имконини беради. Black Shark 2 корпусидаги махсус тугмача орқали ўйин режимини ёқиш мумкин, «сунъий идрок» эса ўйинлардаги динамик саҳналарни англаш ва автоматик тарзда қисқа геймплей роликларини ёзиб олиш қобилиятига эга.

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi Mix 3 – ностандарт экранли, рекорд тезкор хотирали ва илк 5G-смартфон! (+«жонли» ва янги суратлар)

Black Shark Helo техник хусусиятлари:

  • Дисплей: AMOLED, 6.01 дюймлик, 2160х1080 пикселли, томонлари ўзаро 18:9 нисбатли;
  • Процессор: саккиз ядроли Qualcomm Snapdragon 845, такт частотаси 2.8 ГГц;
  • Хотира: 6, 8 ёки 10 ГБ ҳажмли LPDDR4X тезкор хотираси ҳамда 128 ёки 256 ГБлик флеш-хотира;
  • Асосий камера: 12+20 Мп, f/1.75+f/1.75;
  • Олд камера: 20 Мп, f/2.2;
  • Батарея: 4000 мА/соат, Quick Charge 3.0 тезкор қувватлаш технологиясига эга.

«Хитойча Apple»нинг илк геймерофони – шу йилнинг апрелида намойиш этилган Xiaomi Black Shark моделида геймпад алоҳида сотиладиган бўлса, унинг иккинчи авлодида контроллер ёки геймпад ҳам жамланманинг ўзига қўшилган. Тезкор хотираси 6 ёки 8 гигабайтлик Black Shark 2 харидорларига Bluetooth орқали уланувчи, 340 мА/соатлик батареяли контроллер ҳам берилади. Энг юқори – 10 ГБ «оперативка»ли версиядаги геймерофон жамланмасида эса бундан ташқари сенсорли трекпадга эга қўшимча геймпад ҳам мавжуд.

Булардан ташқари, Xiaomi ушбу смартфони учун алоҳида – 99 доллардан сотиладиган махсус ғилоф ҳам ишлаб чиқарган. У ҳаво орқали совитувчи тизимга ҳамда 3.5 миллиметрлик қулоқчин тирқишига эга.

Энг қизиқ жойи – нархи масаласига келсак, тезкор/доимий хотираси 6/128 гигабайтлик бошланғич версиядаги Black Shark 2 Хитойнинг ўзида 460 долларга баҳоланмоқда. Хотираси 8/128 гигабайтлиги 505 доллар бўлса, рекорд даражадаги – 10 ГБ тезкор ва 256 ГБ ички хотирага эга талқини учун 605 доллар сўралаётир. Аниқроғи – «Осмон ости салтанати»да унинг савдоси шу ойнинг охирида бошланади, дунё бозорига эса иккинчи «Қора Акула» кейинги ойдан чиқади.

Айни дамда эса Xiaomi’нинг биринчи геймерофони – шу йилнинг апрелидан то октябригача бенчмаркларда етакчиликни қўлдан бермай келаётган Black Shark смартфонини мана бу ҳавола орқали Terashop.uz интернет-дўконимиздан 3 966 000 сўмга олишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: Black Shark, Pocophone F1 ва бошқа Xiaomi смартфонларининг Terashop.uz’даги нархлари (2018 йил 25 октябрь) – харидингиз Ўзбекистон бўйлаб бепул етказилади!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!