Android Q илк бета-версияда тақдим этилди: видео ва суратларда янги имкониятлар билан батафсил танишамиз!

  •   DiMaX
  •  831
  •  14.03.2019 16:56

Android Q илк бета-версияда тақдим этилди: видео ва суратларда янги имкониятлар билан батафсил танишамиз!

Google компанияси 14 мартга ўтар тунда Android 10 талқинидаги операцион тизимининг биринчи расмий бета-версиясини тақдим этди. Ундан ҳозирча фақат мазкур ишлаб чиқарувчининг Pixel смартфонлари фойдалана олишади.

ЎҚИНГ: Қайси смартфонлар эгалари Android Q’ни биринчилар қаторида синаб кўришади?

Мазкур дастурий таъминотнинг айрим ўзига хосликларини аввал ҳам бир неча хабарларда эълон қилганмиз. Энди эса, уни расман ўрнатиб олган Google Pixel смартфонлари эгалари Android Q’нинг яна бошқа имкониятларини ҳам кашф этишди.

Android Q Developer Preview Beta 1 талқинида иловаларнинг турли рухсатларини бошқариш осонлашган. Масалан, такси буюртма бериш сервисига GPS’дан фойдаланиши учун фақат унинг иловасини ишлатаётган пайтдагина рухсат берасиз. Бу эса нафақат шахсий хавфсизликни таъминлашга, балки смартфон аккумуляторини тежашга ҳам ёрдам беради.

Тизимда «Улашиш» – «Поделиться» функциясини ҳам анча такомиллаштиришган. Мазкур ойна интерфейсини жуда соддалаштиришган ва у янада тезроқ очиладиган бўлган:

Шунингдек, «тоза» Android Q версиясида энди билдиришномалар панелидаги белгичалар – иконкаларнинг рангини ўзгартириш ва тизим учун стандарт шрифт танлаш мумкин. Аввал бу каби имкониятлар фақат айрим смартфонсозлар ишлаб чиққан график қобиқлардагина бўларди.

Созламалар ҳам ўзгарган – «Махфийлик» («Приватность») банди алоҳида қўшилган. Унда иловаларга тақдим этилган рухсатларни кўриш, жойлашувлар тарихини ва шу кабиларни кузатиш мумкин.

Шунингдек, Android 10 илк бета-версиясида десктоп режимини ҳам топишган, бу дегани – худди Samsung ва Huawei флагманларида бўлгани каби, смартфонга монитор улаб, уни компьютер сифатида ишлатиш мумкин бўлади.

Android Q операцион тизимининг биринчи бета-талқинидаги қизиқ функциялардан бири – Screen Recording, яъни экрандан видео ёзиб олиш имкониятидир.

Мана, қуйидаги видеолавҳанинг 7:30-дақиқасида Screen Recording функциясининг ишлатилиши кўрсатилган:

Демак, Android Q Developer Preview Beta 1 версиясини ҳозирча фақат Google Pixel смартфонларидагина синаб кўриш мумкин. Уни бошқа гаджетларга тарқатиш ва такомиллаштириш режаси эса қуйидаги «йўл харитаси»да акс эттирилган:

Демак, Android Q операцион тизимининг тўлақонли намойиши Google I/O 2019 конференциясида бўлиб ўтади ва унинг якуний жамланмасини учинчи чоракда барча фойдаланувчилар учун тақдим этишади.

ЎҚИНГ: Android Q бизни оддий имкониятдан маҳрум этади ва унга кўникишга мажбурмиз (+видео)

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.