Андроид учун Telegram 4.8.5 талқинида зўр имкониятлар тақдим этилди!

  •   DiMaX
  •  1839
  •  23.03.2018 12:56

Андроид учун Telegram 4.8.5 талқинида зўр имкониятлар тақдим этилди!

Гарчи шу кунларда Telegram жамоаси қийин вазиятга тушиб қолган бўлса-да, мессенжерни такомиллаштиришдан тўхташмаяпти. Жумладан, куни кеча унинг компьютерларда қўлланадиган клиенти янгиланган эди.

ЎҚИНГ: Telegram Desktop’нинг 1.2.14 талқини: янги имкониятлардан баҳра олинг!

Энди эса Android операцион тизими бошқаруви остидаги қурилмалар учун янгиланган Telegram 4.8.5 талқини ҳам тақдим этилди. Унда «яшил роботчали» гаджетлар соҳиблари қуйидаги имкониятлардан фойдалана оладилар:

1. Эмодзи орқали стикерлар қидирса бўлади

Кўпинча шундай ҳолатга дуч келамиз: Telegram’имизда ўрнатилган стикерлар кўплигидан, зарур пайтда кераклиси топилмай қолиши мумкин. Энди эса Android фойдаланувчилари учун бу жараён осонлашди: матн териш майдончасига керакли смайл (эмодзи)ни киритсангиз, илова унга мос стикерларни таклиф қилади.

2. Ортиқчаларини ўчириб кўйиш мумкин

Қувонарлиси – смайл бўйича стикер излашда Telegram нафақат ўзингиз ўрнатиб олган тўпламлардаги, балки умуман шу эмодзига мос келувчи бошқа оммабоп стикерларни ҳам кўрсатади. Ўзингизда ўрнатилмаган стикерларни таклиф этиш функциясини эса илова созламаларидан ўчириб қўйсангиз ҳам бўлади.

3. Керакли сўз ёрдамида стикер излай оласиз

Энди Telegram’даги ёзишмадан чиқмай туриб ҳам, бирор сўзга боғлиқ стикерларни излаб топа оласиз. Бунинг учун стикерлар панелига ўтиб, уни пастга силасангиз, унинг тепасида қидирув қатори очилади. Ўша ерга керакли сўзни ёзсангиз, шу сўзга боғлиқ стикерларни таклиф қилади. Эмодзилар билан излашдаги каби, бунда ҳам ўзингиз ўрнатган пакетдаги ёки умуман мессенжерда оммабоп бўлган стикерлар кўрсатилади. Масалан, қуйидаги скриншотда «cat» сўрови бўйича бир нечта стикер ҳамда «мушук» сўзига алоқадор стикер тўплами таклиф қилинмоқда.

4. Бир неча фотосуратни битта альбом қилиш имкони бор

Мультифото режими ёрдамида энди Telegram иловаси орқали бирданига кетма-кет бир нечта бор суратга  тушириб, альбом шаклида юбора оласиз. Бунинг учун, илова орқали суратга туширинг ва уни жўнатмай туриб, ёнидаги «+» белгисига босинг. Яна камера очилади ва тағин расмга олиб, охирида барчасини битта альбом қилиб юборишингиз мумкин.

Агарда аллақачон Telegram мессенжеридан фойдаланаётган бўлсангиз, уни янгилаб кўринг. Бордию қурилмангизда бу илова йўқ бўлса, мана бу ҳавола орқали уни Google Play каталогидан ўрнатиб олишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: Telegram’ни блоклашмоқчи, вазият жиддий!