Asus жаҳондаги энг юпқа ноутбук — ZenBook Flip S’ни тақдим қилди

Asus жаҳондаги энг юпқа ноутбук — ZenBook Flip S’ни тақдим қилди

30 майдан 3 июнга қадар Тайванда бўлиб ўтадиган Computex 2017 ахборот-коммуникация анжуманида жаҳоннинг йирик технология ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлган ASUS компанияси ZenBook Flip S (UX370UA) — жаҳондаги энг юпқа трансформер планшетбукни тақдим қилди. Ундан ҳам ноутбук, ҳам планшет сифатида фойдаланиш мумкин. Гарчи, экран клавиатурадан ажралмаса ҳам, орқага тўлиқ ётади.

Корпус қалинлигининг кичиклигига қарамасдан, ишлаб чиқарувчи ZenBook Flip S’ни имкон қадар энг илғор аппарат таъминот воситалари билан таъминлаган. Ноутбук 2,1 Ггц частота тезлигида ишлайдиган Intel Kaby Lake – Core i7-7500U ҳамда Core i5-7200U кучли процессорлари, 8 ГБ ёки 16 ГБ тезкор хотирага, шунингдек 256 гигабайтдан 1 терабайтгача бўлган доимий хотирали талқинлари ҳам ишлаб чиқарилади. 1 терабайтли талқинда янги NVMe хотира интерфейси, бошқа талқинларда анъанавий SATA интерфейси ўрнатилади.

Тақдимотда айтилишича, у рақиблари бўлган HP Spectre х360’дан 1.03, Apple Macbook’дан 1.48 марта тезроқ ишлайди.

ASUS ZenBook Flip S 13,3 дюймли дисплейга эга. Унинг экрани Full HD (1080P) ёки 178 градусли кенг бурчакли 4K UHD (3840 x 2160 пикселли) сиғимли, секундига 60 кадр янгиланадиган (60 Гц) ҳамда sRGB ранг гаммасини 100% қўллаб-қувватлайди. Сенсор экран Corning Gorilla Glass ҳимоя шишаси билан қопланган ва ўта юпқа — 6,11 миллиметрли ромга эга. Экран ва клавиатура корпусини «ErgoLift» ошиқ-мошиғи ёрдамида бириктириш мумкин. Натижада, қурилма планшет режимига ўтиб, клавиатурани 135 градусга энгаштиради ва экрандан қулай фойдаланиш имкони юзага келади.

Шунингдек, ноутбукда 2 та USB 3.1 портлари, клавишлари ости чироқли тўлиқ ўлчамли клавиатура, сенсорли бармоқ излари сканери, илғор Cortana микрофони ҳамда 2 каналли Harmon Kardon овоз технологиясини қўллаб-қувватлайдиган веб-камера, 802.11ac ва Bluetooth 4.1 симсиз алоқа стандартлари мавжуд.

Asus маълум қилишича, ZenBook Flip S’нинг 3900 мА соат ток сиғимли батареяси тўлиқ қувват билан 11,5 соатдан кўпроқ ишлайди. Шу билан бирга, бу аккумулятор тезкор қувватлаш технологиясига эга ва 49 минутда қувватини 60% га тўлдира олади.

Дарвоқе, Asus мана шу жиҳатларнинг барчасини корпус қалинлиги 10,9 мм ҳамда вазни 1.13 кг бўлган электрон гаджетга жойлаштиришга эришган. Asus ZenBook Flip S гаджети сентябрдан 1099 доллардан бошлаб сотувга чиқарилади.