Дунёдаги энг арзон – атиги 153 долларлик 5G-смартфон намойиш этилди!

  •   DiMaX
  •  1699
  •  23.04.2021 09:55

Дунёдаги энг арзон – атиги 153 долларлик 5G-смартфон намойиш этилди!

Oppo корпорациясининг суббренди куни кеча Dimensity 700 процессори, 90Hz LCD экранга эга Realme 8 5G смартфонини тақдим этган эди. 22 апрель куни компания бешинч авлод уяли алоқа тармоғини қўлловчи Realme Q3 смартфонлар туркумини чиқарди.

ЎҚИНГ: realme 8 Pro'нинг техник жиҳатлари ва қадоқ таркиби билан танишамиз

Мазкур сериядаги энг арзон модель Realme Q3i 5G бўлиб, унинг базавий конфигурациядаги вариантини Хитойда ҳозир бор-йўғи 153 долларга тенг нархда олиш мумкин. Гарчи айни дамда жаҳондаги энг арзон 5G-телефон бўлса-да, техник жиҳатлари жудаям паст эмас.

Realme Q3i 5G смартфони MediaTek Dimensity 700 5G платформаси базасида тайёрланган. Унинг IPS матрицали экрани диагоналига 6,5 дюймлик, тасвир аниқлиги 2400х1080 пикселлик. Янгиланиш частотаси 90 герцлик бу дисплейнинг юқори чап бурчагида 16 мегапикселлик селфи-камера тирқиши мавжуд.

Смартфоннинг бош камераси учталик: 48 мегапикселлик асосий сенсор, 2 мегапикселлик макромодул ҳамда 2 мегапикселлик саҳна чуқурлиги датчиги. Аккумуляторнинг ток сиғими 5000 мА/соатлик ва у 18 ваттлик тезкор қувватлана олади.

ЎҚИНГ: Қайрилма экран, учта камера, Dimensity 1000+ чипига эга realme X7 Pro Ultra чиқди

Қурилма иккита SIM-картадан ташқари нақ бир терабайтгача ҳажмли MicroSD-карта қўйиш мумкин бўлган уяча билан жиҳозланган.

Realme Q3i 5G корпусининг қалинлиги 8,5 миллиметрни, вазни эса 185 граммни ташкил этади. Унда замонавий USB-C порти ҳамда қулоқчин учун стандарт аудиотирқиш, шунингдек ён қиррасида бармоқ изи сканери мавжуд.

Компания ушбу қурилмасини энг сўнгги – Android 11 операцион тизими устига қурилган Realme UI 2.0 график қобиғи билан тақдим этган. Смартфоннинг тезкор/ички хотираси 4/128 гигабайтлик варианти 1099 юанга баҳоланган, бу эса тахминан 169 АҚШ долларига тўғри келади. Хотираси 6/128 гигабайтлик Realme Q3i 5G учун эса 1199 юань (тахмнан 185 доллар) туради. Лекин савдонинг бошланишида смартфон 100 юань миқдорида чегирма билан сотиляпти; шунда унинг базавий варианти нархи тахминан 153 АҚШ долларига тўғри келади.

ЎҚИНГ: 2021 йил 1-чоракдаги энг зўр ўнта смартфон (Master Lu рейтинги)