ДХХ ушлаган дрон чегарадан нима олиб ўтаётган эди?

  •   DiMaX
  •  2093
  •  16.09.2019 10:33

ДХХ ушлаган дрон чегарадан нима олиб ўтаётган эди?

Куни кеча Қозоғистондан дрон орқали Ўзбекистонга «Трамадол» номли психотроп дори воситасини ўтказишга уриниш ҳолати қайд этилган. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ахборотига таяниб Daryo нашри хабар бермоқда.

ЎҚИНГ: Калашников дронларга қарши янги қуролини намойиш этди (+видео)

Ўзбекистон Республикасида дронлардан фойдаланганлик учун ўн йилгача озодликдан маҳрум этишгача бўлган жазо турлари белгиланган. Шунга қарамасдан, баъзилар билиб-билмай, айримлар эса ҳатто бошқа ноқонуний ишлар учун ҳам квадрокоптерларни юртимизга олиб киришга, турли мақсадларда қўллашга уриниб кўраётганлари ҳақида кўплаб хабарлар берганмиз.

Тошкент тумани Оқтош аҳоли пунктида «Трамадол» психотроп дори воситасининг 600 дона пластинкаси чегарадан ўтказилишининг олди олинди. Таъкидланишича, ҳар пластинкада 10 тадан таблетка бўлган.

Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларидан «Дарё»га маълум қилишларича, ушбу психотроп моддалар «Фантом-4» русумли дрон ёрдамида Ўзбекистонга ўтказилган.

«Ҳозирги вақтда психотроп воситаларнинг ушланиши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади ДХХ томонидан тақдим этилган ахборотда.

Хабарга кўра, дори воситалари ва дрон кимга тегишли экани, гумонланувчилар қўлга олинган-олинмагани ҳақида қўшимча ахборот берилмаган.

ЎҚИНГ: Дронларни уриб туширувчи дрон-камикадзе яратилди!