Энг машҳур блогерларнинг орқасида ким турибди?

  •   DiMaX
  •  2675
  •  18.11.2019 14:10

Энг машҳур блогерларнинг орқасида ким турибди?

Интернетнинг русийзабон сегментида Юрий Дудь, «КликКлак», Марьяна Ро, Юрий Хованский, Ивангай, Slivki Show ёки Room Factory кабилар жуда машҳур. Ўзбекистонлик фойдаланувчилари орасида ҳам ушбу YouTube-блогерларни кузатиб борувчилар кўп.

ЎҚИНГ: YouTube’да антирекорд: Тимур Юнусовнинг сўнгги клипи энг кўп «дислайк» олди!

Аммо ушбу влогерларнинг YouTube юлдузига айланишига фақатгина ўзлари ёки каналдаги қизиқарли контент сабабчи бўлган эмас. Шу каби кўплаб россиялик видеоблогерларнинг ҳамда модага таъсир эта олувчи шахслар – инфлюенсерларнинг ортида Yoola компанияси ётибди. Lenta.ru нашри унинг бош директори Эяль Баумель билан суҳбат уюштирган. Хоҳловчилар мана бу ҳавола орқали ўтиб, русчада батафсил ўқиб олишлари мумкин, қуйида эса ундан айрим фикрларни лўнда тарзда келтирамиз.

YouTube сервиси ҳали янги ишга тушган пайтлардаёқ Yoola ҳамкорлик тармоғига икки нафар россиялик, бир украин ва бир латиш асос солган. Ҳозирга келиб эса унинг мижозлари ҳам кўп, бажараётган ишлари ҳам кўламдор. Қайси видеоблогер кутилмаган контент тақдим этди, қай бири кечкин кўтарилишга эришди, қайси каналда рекламани қай вақтда берган маъқул, хорижлик машҳурлар улардан қай бирини кузатиб боради – шу кабиларни таҳлил қилиб, Yoola тобора ўз фаолиятини такомиллаштириб бормоқда.

Эяль Баумелнинг таъкидлашича, YouTube’да муваффақиятга эришиш учун блогер биринчи навбатда истеъдодли бўлиши, яхши контент яратиш йўлларини билиши лозим. У ҳамиша ҳам ўз роликларида бош қаҳрамон бўлиши шарт эмас, айрим ҳолларда ҳатто шунчаки яхши монтаж билан ҳам ютуққа эришиш мумкин.

ЎҚИНГ: YouTube’да атиги бир ойда 1,6 миллион обуначи тўплаган қиз барча видеоларини шу смартфонда оляпти!

Умумий қилиб гапирадиган бўлса, ҳар қандай блогернинг ўз формати бўлиши зарур, дейди Эяль Баумель. Унинг таъкидлашича, YouTube’да канал очишга худди телешоу яратишдек ёндашмоқ даркор. Форматни аниқлаштириб олиб, шу йўналишда тинимсиз меҳнат қилиш ва YouTube алгоритмларини ҳам ўрганиш лозим.

Шу билан бирга, Yoola раҳбари YouTube ҳақида қизиқ фактларни ҳам келтириб ўтган. Жумладан, мазкур платформада ҳар ойда 1,9 миллиард киши авторизациядан ўтади. Яна тахминан миллиард киши эса ундан авторизациясиз (аккаунтга кирмасдан) фойдаланади! Дунё аҳлининг учдан бир қисми ҳар ойда YouTube’га киради. Шу боисдан ҳам, ҳар қандай контент, айримларга ғалати ёки фойдасиз кўринса-да, албатта ўз мухлисини топади.

Эяль Баумелга кўра, YouTube’да машҳур блогерлар ойига 10 мингдан то 100 минг долларгача даромад олишлари мумкин. Оммабоп россиялик влогерлар эса ҳозирда бир ойда минг доллардан ўн минг долларгача ишлаб олишяпти, дейди у.

YouTube’да энг талабгир контент ҳозирда болаларбоп каналлар, шунингдек, гейминг ва мусиқа йўналиши бўлиб турибди. Лайфстайл ва гўзаллик йўналиши ҳам оммабоп.

Кўпчиликнинг фикрича, YouTube – бу биринчи навбатда ўйинлар, блогерлар, мусиқа дегани. Аслида эса бу платформада ҳаммасидан ҳам кўпи – болаларбоп контент, дейди Yoola бош директори.

ЎҚИНГ: YouTube’даги энг кўп «дислайк» олган видеолар ТОП-ўнталиги

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.