YouTube’да атиги бир ойда 1,6 миллион обуначи тўплаган қиз барча видеоларини шу смартфонда оляпти!

  •   DiMaX
  •  4228
  •  02.08.2019 11:45

YouTube’да атиги бир ойда 1,6 миллион обуначи тўплаган қиз барча видеоларини шу смартфонда оляпти!

Женнель Элиана Лонг исмли қиз яқиндагина – бундан бир ойдан ошиқроқ муддат аввал YouTube видеохостингида ўз каналини очганди. Буни қаранки, шу вақт мобайнида унинг обуначилари сони 1 610 770 нафардан ошган!

ЎҚИНГ: YouTube’даги энг оммабоп видеоларнинг 13 йиллик тарихини 4 дақиқалик битта видеода кўрамиз!

Женнель ўзининг биринчи видеоролигини 26 июнда эълон қилган ва айни дамгача у 7 миллионтача кўрилган. Иккинчи лавҳаси 12 миллионлик маррадан ошган бўлса, олти кунгина олдин чиқарилган учинчи ролик аллақачон 3,5 миллиондан ошиқ томоша қилинган.

Лекин энг қизиғи шундаки, мазкур влогер ўз лавҳаларини сифатли тарзда суратга олиш учун қимматбаҳо аппаратурадан умуман фойдаланмайди! Женнель ўзининг барча видеоларини фақат iPhone X ёрдамида съёмка қиляпти. Тўғри, роликларни қайта ишлаш учун 29,99 долларлик LumaFusion иловасини қўллайди. Шунингдек, смартфонни оддий уч оёқли тагликка ўрнатади ва қўшимча микрофон улайди – видеоблогинг учун унинг бор жиҳози шулардан иборат!

Шу тариқа, Женнель Элиана Лонг яхши видеоблогер бўлиш учун қимматбаҳо аппаратуралар ишлатиш ҳам, профессионал журналист бўлиш ҳам талаб этилмаслигини амалда исботламоқда. Бунинг учун у ишлатаётган iPhone X (харид қилиш) сингари смартфон ҳамда қизиқарли контент ҳам етарли.

ЎҚИНГ: Нақ юз миллион обуначига эга биринчи ва ягона YouTube-канал сизга ҳам ёқади!

Йигирма яшар Женнель бу каналида ўзининг GMC Vandura Explorer Limited минивэнидаги саёҳатлари ва ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Business Insider нашрига берган интервьюсида Женнель шундай таъкидлайди: «Интернетда юрган миш-мишларга қараганда, менинг ортимда бутун бошли профессионаллар жамоаси турганмиш. Лекин аслида мен барчасини ўзим қиламан ва бунда биттагина смартфондан фойдаланаман».

Влогернинг энг кўп – 12 миллиондан зиёд кўрилган видеоси машинада кечадиган машаққатли ҳаёт шароитларида гигиена жараёнларини қандай амалга ошириш ҳақидадир:

Дарвоқе, 2018 йилда интернетдан энг кўп пул топган россиялик блогерлар ҳақидаги ҳамда YouTube ҳақидаги қизиқарли фактлар келтирилган мақолаларимизга ҳам назар солишни тавсия этамиз.

ЎҚИНГ: YouTube’нинг пулли функциясидан Telegram орқали бепул ва рекламасиз фойдаланса бўлар экан!