Huawei’нинг Xiaomi Mi Mix 3’га жавоби – 6 камерали Honor Magic 2 слайдери чиқди!

  •   DiMaX
  •  1639
  •  01.11.2018 18:55

Huawei’нинг Xiaomi Mi Mix 3’га жавоби – 6 камерали Honor Magic 2 слайдери чиқди!

Кутилганидек, 31 октябрда Huawei’га қарашли Honor компанияси ўзининг навбатдаги тақдимот тадбирини ўтказди. Унда Honor Magic 2 смартфони, WaterPlay 8 планшети, Honor Watch Magic смарт-соати ҳамда Honor FlyPods Pro симсиз қулоқчини намойиш этилди.

ЎҚИНГ: Ниҳоят, Honor Watch Magic смарт-соати расман намойиш этилди

Honor Magic 2 флагмани корпуси ҳам худди Xiaomi Mi Mix 3 сингари слайдер форм-факторида ишланган. Huawei бу смартфонини 6.39 дюймлик, «кемтик»сиз AMOLED-дисплей билан таъминлаган. Full HD+ форматли бу ромсиз экраннинг томонлари ўзаро 19.5:9 нисбатда.

Қурилманинг «электрон юраги» – 7 нанометрлик тех-жараёнга асосланган Kirin 980 процессори. Самарадорликни таъминлашда унга 6/8 гигабайтлик тезкор хотира ҳамроҳлик қилади. Honor Magic 2 доимий хотирасига кўра 128 ва 256 гигабайтлик модификацияларда тақдим этилмоқда, кейинроқ – декабрда эса 512 гигабайтлиги ҳам чиқарилиши айтилган.

Энг қизиқ жиҳатларидан бири – Honor Magic 2 моделининг асосий камераси ҳам, олд камераси ҳам учтадан объективга эга! Бош камера 16 + 16 + 24 мегапикселли модуллардан иборат: улардан биринчиси – асосий, иккинчиси – монохром, учинчиси эса – кенг бурчакли объективлардир.

Селфи-камера эса 16 + 2 + 2 мегапикселли сенсорларни ўз ичига олган; булардан охирги иккитаси фойдаланувчи юзини 3D-сканерлаш датчиклари билан боғланиб ҳам ишлайди. Афсуски, юз сканери ҳозирги эмас, балки фақат декабрда тақдим этиладиган – 8/512 гигабайтлик илғор модификациясидагина бўлади. Қурилмани қулфдан чиқариш учун экранга интеграция қилинган бармоқ изи сенсори эса барча модификацияларида мавжуд.

Honor Magic 2 флагманининг ўзига хосликларидан яна бири – унинг 3400 мА/соатлик аккумулятори бўлиб, у 40 ваттлик тезкор қувватлаш технологиясига эга. Қувватлаш ва бошқа уланишлар учун USB Type-C порти мавжуд, қулоқчин учун 3.5 миллиметрлик тирқиш йўқ. Корпуси ўлчамлари 157,32х75,13х8,3 миллиметрга тенг, вазни эса 206 грамм келади.

Мазкур девайс қадоқданоқ Magic UI 2.0 график қобиғи остидаги Android 9 Pie операцион тизимига эга. Шунингдек, унга татбиқ этилган «сунъий идрок»ли YoYo овозли ёрдамчисини алоҳида таъкидлаш керак. У турли фойдаланиш сценарийларига мослаша олади. Масалан, эгаси рулда бўлса, YoYo смартфонни овоз орқали бошқаришни таклиф этади. Бундан ташқари, ушбу ёрдамчи нақ ўн тилдаги матнларни, қўнғироқларни ҳамда овозли буйруқларни реал вақт режимида ўгиришга қодир, аммо ўзи фақат хитойча гапира олади.

Huawei аллақачон Honor Magic 2 учун олдиндан буюртма олмоқда, уларни харидорларга етказиш ва смартфоннинг очиқ савдога чиқарилиши эса 6 ноябрдан бошланади. У градиент тусдаги уч хил – қизил, кул ранг ва мовий корпусларда таклиф этилмоқда. Смартфоннинг бошланғич – 6 гигабайтлик тезкор ва 128 гигабайтлик доимий хотирага эга варианти Хитойнинг ўзида 545 долларга баҳоланган. Унинг 8/128 гигабайтлик талқини учун 688 доллар, декабрда чиқадиган 8/512 гигабайтлик илғор версияси учун эса 832 доллар нарх белгиланган.

Айтиш мумкинки, хитойлик техногигантнинг Honor Magic 2 модели «хитойча Apple»нинг Mi Mix 3 русумли слайдерига ўзига яраша жавоб бўлди. Уларнинг кўп жиҳатлари ўзаро яқин, жумладан – нархлари ҳам. Ўзбекистонда эса бир неча русумлардаги Huawei ҳамда Xiaomi смартфонларини Terashop.uz интернет-дўконимиз орқали онлайн харид қилиш мумкин.

ЎҚИНГ: Terashop.uz’да арзонлашган Xiaomi смартфонлари нархлари (2018 йил 30 октябрь) – харидингиз Ўзбекистон бўйлаб бепул етказилади!