Huawei P40 4G чиқди: OLED-дисплей, Kirin 990 чипи ва IP53 ҳимояли арзонлаштирилган флагман

  •   DiMaX
  •  887
  •  27.02.2021 16:10

Huawei P40 4G чиқди: OLED-дисплей, Kirin 990 чипи ва IP53 ҳимояли арзонлаштирилган флагман

Хитойлик техногигант ўтган йили Huawei P40 туркумида олтита моделда смартфон тақдим этган эди. Энди эса компания ортиқча шов-шувларсиз бу туркумнинг еттинчи вакилини чиқарди.

ЎҚИНГ: Эгасини рози қилган ўнта Android-смартфон (AnTuTu рейтинги, 2021 йил январь)

Ушбу девайс Huawei P40 4G модели бўлиб, флагманлар туркумининг қолган аъзоларидан фарқли равишда, бешинчи авлод уяли алоқа тарвоғини қўлламаслиги номидан ҳам кўриниб турибди. Лекин ташқи кўринишидан у смартфоннинг 5G-версиясидан фарқ қилмайди.

Huawei P40 4G диагоналига 6.1 дюймлик, ясси (четлари қайрилмаган) OLED-экран билан жиҳозланган. Кадр янгиланиш частотаси 60 герцлик дисплейда 32 мегапикселлик қўшалоқ селфи-камера учун тирқиш ўйилган.

Смартфоннинг бош камераси эса учталик: 50 МПлик асосий датчик RYYB (f/1.9, OIS+AIS), 8 МПлик телефото модули (f/2.4, OIS, 3 карралик оптик зум) ҳамда 16 МПлик кенг бурчакли камера (f/2.2).

ЎҚИНГ: Смартфонингиз фоточақноғига қўшимча имкониятлар бахш этувчи учта бепул илова

Huawei P40 4G аккумулятори 3800 мА/соатлик ток сиғимига эга ва 22,5 ваттлик усулда тезкор қувват олади. Смартфоннинг корпуси IP53 стандартига кўра сув сачрашидан ҳимояланган. Унинг «электрон юраги» эса 5G-модемсиз Kirin 990 процессоридир. Девайснинг тезкор ва доимий хотираси тегишлича 8 ва 128 гигабайтлик ҳажмга эга.

Компания ушбу моделини Android 10 операцион тизими билан, икки хил рангда сота бошлаган. Ўз юртида унинг учун 525 АҚШ долларига тенг нарх белгиланган (5G-версияси бундан 80 долларга қиммат).

Huawei P40 4G моделида, табиийки, Google сервислари мавжуд эмас. Хитойда улар шундоғам ишламайди, смартфоннинг ташқи бозорга чиқиш-чиқмаслиги масаласига эса аниқлик киритилмаяпти.

ЎҚИНГ: Huawei раҳбари рақиблар флагманини дунёдаги энг зўр смартфон, деб эълон қилди!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!