iPhone 13 туркумидаги барча смартфонларнинг хотира вариантлари ва нархлари билан танишинг

  •   DiMaX
  •  21383
  •  11.06.2021 16:45

iPhone 13 туркумидаги барча смартфонларнинг хотира вариантлари ва нархлари билан танишинг

Apple’нинг ўн учинчи авлод смартфонлари туркумига тўртта – iPhone 13 mini, iPhone 13, iPhone 13 Pro ҳамда iPhone 13 Pro Max моделлари кириши айтилмоқда. Яқинда улардан ҳар бирининг аккумулятори ток сиғими маълум бўлган эди.

ЎҚИНГ: iPhone 13 mini илк «жонли» суратда: уни iPhone 12 mini билан таққослаб ҳам кўрсатишди!

Энди эса инсайдерлар ўн учинчи авлод айфонларнинг тезкор ва ички хотиралари ҳажмлари, шунингдек, уларнинг нархлари ҳақида ҳам хабар тарқатишди. Унга кўра, стандарт iPhone 13 модели ҳамда ихчам iPhone 13 mini смартфони 4 гигабайтлик «оперативка»га эга бўлиб, 64, 128 ҳамда 256 ГБ флеш-хотирали вариантларда таклиф этилади.

iPhone 13 Pro флагмани ва iPhone 13 Pro Max версияси эса 6 гигабайтлик тезкор хотира чиплари билан таъминланган, харидорлар уларни 128, 256, 512 гигабайтлик ёки 1 терабайтлик доимий хотирали вариантларда олишлари мумкин бўлади.

Юқоридаги суратга кўра, iPhone 13 mini моделининг 64, 128 ва 256 гигабайтлик вариантлари тегишлича 700, 750 ва 800 долларга баҳоланади. Стандарт флагман – iPhone 13 моделининг шунақа хотирали вариантлари учун эса мос равишда 800, 850 ҳамда 950 доллар сўрашади.

iPhone 13 Pro гаджетининг 128, 256, 512 гигабайтлик ёки 1 терабайтлик вариантлари учун тегишлича 1050, 1150, 1350 ёки 1500 долларлик нархлар белгиланади. Шундай хотирали вариантлардаги iPhone 13 Pro Max учун эса мос тарзда 1150, 1250, 1450 ва 1600 доллар тўлашга тўғри келади.

ЎҚИНГ: iPhone 13 Pro ҳамда 13 Pro Max учун аллақачон «чақадиган» нархларда буюртма олишяпти!