IT Park ва Ucell ҳамкорлигида Boot Camp бўлиб ўтди

  •   DiMaX
  •  275
  •  19.10.2019 18:51

IT Park ва Ucell ҳамкорлигида Boot Camp бўлиб ўтди

Бугун – 2019 йил 19 октябрь куни IT Park ҳамда Ucell ҳамкорлигида, «Ucell mobile challenge 2019» мобил илова ишлаб чиқиш танлови доирасида Boot Camp ўтказилди. Бу ҳақда IT Park ўз расмий сайти орқали хабар бермоқда.

ЎҚИНГ: Шу йил октябрь ойида IT-Парк қошида IT академияси очилади!

Boot Camp – бу таниқли спикерларнинг тренинглари ва мастер-классларини ўз ичига олган тадбир бўлиб, танловлар иштирокчиларига ўз тақдимотларининг энг муҳим нуқталарига эътибор қаратишда, оммавий чиқишлар, маркетинг, дастурлаш ва стартаплар тараққиёти соҳаларидаги сўнгги трендларни билиб олишда ёрдам беради.

Бугунги Boot Camp тадбирида соврин жамғармаси 600 млн. сўмлик «Ucell mobile challenge 2019» танловига бутун Ўзбекистон бўйлаб ариза берган юздан ошиқ стартап-жамоа орасидан саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган 60 таси иштирок этди. Эътиборга сазовор жиҳати шунда бўлдики, танловнинг энг ёш иштирокчиси – 12 яшар!

«Ўзбекистон Республикасида IT-соҳа тараққиёти учун мақбул шарт-шароитлар яратиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев илгари сурган беш ташаббус доирасига киради. Мазкур ташаббус доирасида «Digital Generation Uzbekistan» ҳамжамияти ташкил этилган бўлиб, у жаҳондаги технологик трендларга қизиқувчан ёшларимизга ҳамда ўз маҳоратини оширишни, техник интервьюга тайёрланиш ёки шунчаки фойдали танишувлар ташкил этиш ва орзусидаги ишга кириш истагида бўлганларга кўмаклашади», – дея таъкидлайди Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Алишер Садуллаев.

Boot Camp давомида Ucell Бош директорининг Биринчи ўринбосари Абдураҳмон Абдураҳмонов ҳам Ucell компанияси учун бу мобил иловалар ишлаб чиқиш бўйича биринчи танлов эканлигини ҳақида сўз юритди: «Ucell – бу Ўзбекистондаги энг инновацион мобил операторлардан бири, айниқса, биз ўзимизни ёшлар бренди сифатида тақдим этишимизни ҳисобга олганда. Биз ғайратли ва истеъдодли ёшларимиз учун янги лойиҳалар ва танловлар ташкил этишга тайёрмиз, токи улар ўзларининг инновацион ғояларини молиялаштириш имконига эга бўлишсин. Boot Camp тадбирини ўз ичига олган ушбу танловнинг муҳим мақсадларидан бири – мамлакатимизнинг экспорт IT-потенциалини оширувчи кўп миқдордаги экспортбоп лойиҳаларни яратишдир».

IT Park инновациялар бўйича директори Абдулаҳад Қўчқоров таъкидлаганидек: «Мазкур тадбир иштирокчиларнинг барча саволларига жавоб бериши, мобил иловаларга қўйиладиган талаблар ва мезонларни, муваффақиятли лойиҳаларни саралаш усулларини изоҳлаб бериши, шунингдек, ўз лойиҳасини тақдим этишнинг энг яхши услублари ҳақида қўшимча маълумотлар бериши лозим. IT Park учун бу – стартап-танловлар ва хакатонлар соҳасида аллақачон учинчи муваффақиятли лойиҳа, корпоратив акселератор соҳасида эса биринчисидир! Эслатиб ўтаман, бизнинг бош мақсадимиз – бутун Республика бўйлаб мақбул стартап-экотизимни ривожлантиришдир. Бу соҳадаги асосий муаммолардан бири молиялаштиришнинг етишмаслиги бўлади, шу боисдан биз стартап-танловларни буткул қўллаб-қувватлаймиз, улар шарофати билан истеъдодли дастурчилар ўз лойиҳаларига сармоя ҳамда инвесторларни топишлари мумкин. Айни шу мақсадда IT Park қошида биринчи давлат Венчур Фонди ташкил этилган».

ЎҚИНГ: Алишер Усмонов компанияси Ўзбекистондаги йирик уяли алоқа операторини сотиб оляпти!

«Digital Generation – бу барча Microsoft ҳамда SAP ресурсларига кириш мумкин бўлган ахборот маконидаги ягона нуқтадир. Мазкур платформа реал вақтда таълим олиш, ўзаро билим алмашиш учун яратилган. Биз очиқ ташкилотмиз ва истаган хоҳловчи ҳамжамиятимизга кириш учун ариза бериши мумкин. Биз ушбу танловнинг ҳаммуассиси ҳамда ҳамкорларидан бири бўламиз, чунки ёшлар орасида инновацион IT-ғояларни чўллаб-қувватлаш – биз учун энг муҳим йўналишлардан биридир», – дея қўшимча қилди Digital Generation Uzbekistan ҳаммуассиси А. Тожиев.

Шунингдек, иштирокчилар бу тадбирда номдор спикерлардан мастер-класслар тинглашди: «Compass Consulting» МЧЖ компанияси директори Улуғбек Ҳожиаҳмедов «Маркетинг асослари», бизнес-тренер ва консультант Артур-Пак Вартанян «Тақдимот санъати», «Re-form» МЧЖ компанияси асосчиси Дияс Муталов эса «Стартап қандай яшаб кетиши керак» мавзуларида чиқишлар қилишди.

ЎҚИНГ: Мобил операторлар биздан нимани яширмоқда?

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!