Кун янгилиги: Xiaomi'дан янги «ақлли» кроссовка

Кун янгилиги: Xiaomi'дан янги «ақлли» кроссовка

Xiaomi 2015 йилдаёқ «ақлли» кроссовкалар ишлаб чиқариш билан шуғуллана бошлаган эди. Интел'нинг танга ҳажми билан тенг Curie модули асосида ишлайдиган ушбу кроссовкалар ҳаракатни қайд қилиб бориш, йиғилган маълумотларни таҳлил қилиб, сарфланган калориялар ва умумий босиб ўтилган масофани аниқлаш имконига эгалиги билан сўнгги уч йил ичида машҳурликка эришиб келмоқда.

Машҳурликнинг яна бир сабаби - унча кўп бўлмаган маблағ эвазига юқори сифатли оёқ кийимига эга бўлишда ҳамдир.

ЎҚИНГ: Xiaomi "ақлли кроссовка"ни $30 доллардан сотувга чиқарди

Шу кунларда Xiaomi'нинг краудфандинг майдончаси бўлмиш Youpin'да Amazfit Antelope Running Shoes деб номланувчи янги модель пайдо бўлди. Ушбу моделнинг нархи 199 юан ёки аитиги $32 га тенг.

Amazfit Antelope Running Shoes Xiaomi'нинг олдинги моделларидан янада такомиллаштирилган ҳаракат датчиклари билан ажралиб туради. Датчиклар оёқ кийими ерга босилиши билан ҳаракатларни қайд қила бошлайди. Мазкур кроссовканинг таглиги машҳур автомобиллар учун шиналар ишлаб чиқарувчи Goodyear компанияси томонидан яратилган.

Кроссовканинг патаги остида ҳаракатни сўндирувчи материалдан тайёрланган икки пластинка жойланган. Тарғибот видеосидан кўринишича, 10 метр юқоридан кроссовка ичига ташланган тухум синмайди. Бу дегани ерга зарб билан босилганда кроссовка оёқларга тушадиган зарбани деярли ўтказмайди.

Кроссовканинг юқори қисми «нафас олувчи» материалдан тайёрланган. Маълум бўлишича, ушбу материал ўзига сув юқтирмайди ва намдан қўрқмайди.

Кроссовка учун маблаг йиғиш жараёни, краудфандинг кампанияси 12 апрелда бошланган бўлса-да, шу кунга қадар $600,000 дан ошиқ маблағ йиғилган. Бу эса кроссовкани ишлаб чиқариш учун зарур бўладиган маблағдан 41,5 марта ортиқ дегани.

Кроссовкалар краудфандинг кампаниясида иштирок этганларга $32 эвазига май ойидан бошлаб етказиб берилади. Худди шу вақтда унинг интернет-дўконларга чиқарилиши ҳам кутилмоқда, лекин оддий харидорлар учун унинг белгиланган нархи 229 юан ёки $37 долларни ташкил қилади. Кроссовкаларнинг аёлларга ҳам мўлжалланган талқини тақдим этилади. Аёллар талқини 35-ўлчамдан 40-ўлчамгача ишлаб чиқарилиб, қора, яшил ва пушти рангларда бўлади. Эркаклар эса 39-ўлчамдан 45-ўлчамга қадар қора, кулранг ва оловранг тусда бўлган кроссовкалардан бирини танлашлари мумкин.

Xiaomi Mi Band фойдаланувчилари учун мазкур «ақлли» кроссовкадан фойдаланишда қийинчилик туғилмайди. Кроссовканинг таг қисмига қопқоқ билан ёпилган трекер ўрнатилган. Ушбу трекер IP67 стандарти бўйича намлик ва чангдан ҳимояланган. Кроссовка барча керакли маълумот ва таҳлилларни Bluetooth орқали смартфонга ўрнатилган MiFit иловаси ёки Mi Band «ақлли» билакузугига етказиб туради. Кроссовка ўзига тушаётган турли босимлар ва оғирликларни фарқлай олади, таҳлиллардан келиб чиқиб, керакли ҳаракат усуллари (масалан юриш, югуриш каби)ни тавсия қилади.

ЎҚИНГ: Xiaomi раҳбари қўлида Mi Band 3 билан «қўлга тушди»!

Xiaomi'нинг олдинги кроссовкаларидаги қувват 60 кунга қадар етиши айтилар эди. Мазкур янги моделнинг қуввати қанчага етиши ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Winsloop

Сиёсий-ижтимоий мавзулардан тортиб, технологияга қадар ёритишни хуш кўрувчи мустақил журналист, таржимон ва фрилансер.