КУТИЛМАГАН ВИДЕО: Samsung Galaxy S9+ ўтган йилги хитойлик флагманга мағлуб бўлди!

  •   DiMaX
  •  2379
  •  07.03.2018 03:11

КУТИЛМАГАН ВИДЕО: Samsung Galaxy S9+ ўтган йилги хитойлик флагманга мағлуб бўлди!

Шу кунларда дунёдаги энг илғор смартфонлардан бири, шубҳасиз, Samsung Galaxy S9+ флагманидир. У ҳозиргача тақдим этилган барча моделлар орасида энг илғор техник таъминотга эга.

ЎҚИНГ: DxOMark’да янги рекорд: Galaxy S9+ камераси iPhone X ва Pixel 2’ни «ўтирғизиб қўйди»!

Samsung ушбу флагманининг савдосини жорий ойнинг ўртасида – 16 мартда бошлайди. Лекин унгача ҳам мазкур қурилмани синаб кўришлари, Galaxy S9+ ҳақида фикрларини билдиришлари учун компания бир нечта журналистга шу моделдан тақдим этган. Лекин, афсуски, битта муҳим синов натижаси жанубий кореялик техногигант тахмин қилганидан бошқачароқ чиқди. Гап шундаки, кореяликларнинг янги флагмани тезкорлик бўйича ўтказилган тестда OnePlus 5T смартфонига енгилди!

Буни қарангки, Samsung ушбу флагманига ўз ишланмаси бўлган энг янги, илғор Exynos 9810 процессорини ўрнатган, OnePlus 5T эса ундан бирмунча заиф – ўтган йилги Snapdragon 835 чипи базасида ишлайди. Galaxy S9+ моделининг тезкор хотираси ҳажми 6 гигабайт бўлса, хитойлик бренднинг флагмани 8 гигабайтлик тезкор хотирага эга.

ЎҚИНГ: ЭКСКЛЮЗИВ ВИДЕО: OnePlus 5T ҳатто iPhone X ва Samsung Galaxy S8’дан ҳам зўр чиқди!

YouTube фойдаланувчиларидан бири ушбу икки гаджетни реал ишлаш тезлиги бўйича таққослаб кўрди ва бунинг видеосини интернетга жойлади. Келинг, шуни биргаликда томоша қиламиз:

Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, OnePlus 5T ҳамда Samsung Galaxy S9+ смартфонлари устида ўтказилган бир нечта синовларда турли иловаларнинг ишга тушириш тезлиги таққосланган. Айтиш керакки, ғолибни аниқлаш осон кечмади – айрим ўринларда жанубий кореяликларнинг, баъзи ҳолларда эса хитойликларнинг  флагмани тезкорлик намоён этган. Лекин умумий ҳисобда OnePlus 5T моделининг қўли баланд келган ва бунга иккита сабаб бор.

Аввало, тезкор хотирасининг ҳажми катта бўлганлиги эвазига OnePlus 5T бир вақтнинг ўзида рақибидагидан кўра кўпроқ иловаларнинг ишлаб туришини қўллаб-қувватлайди. Бу эса кундалик фойдаланишда муҳим талаблардан бири ҳисобланади. Қолаверса, хитойлик бренднинг ушбу флагманига Samsung Galaxy S9+ моделига нисбатан анча паст нарх белгиланган. Шуларни инобатга олсак, тезкорлик бўйича ўтказилган ушбу беллашувда OnePlus 5T сўзсиз ғолиб бўлди!

ЎҚИНГ: OnePlus 5T: кучли Android-флагман икки баробар арзон!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.