Кутилмаганда мобил Chrome’да жуда қулай бир функция пайдо бўлди!

  •   DiMaX
  •  820
  •  12.03.2021 13:47

Кутилмаганда мобил Chrome’да жуда қулай бир функция пайдо бўлди!

Google смартфон ва планшетларга мўлжалланган Chrome браузерини 89-версияга янгилади. Ушбу иловадаги фойдаланувчиларга тақдим этилган бир қулайликни компания негадир алоҳида эълон қилмаган.

ЎҚИНГ: Арзон смартфонлар эгаларига Google’дан хушхабар бор (+видео)

Chrome мобил иловаси энди сиз кўраётган сайтни тарк этмасдан туриб, унда ҳаволаси берилган бошқа бир саҳифани олдиндан кўриш имконини беради. Ҳавола орқали ўша саҳифа контентини превью ҳолида кўриб, унга ўтиш ёки ҳозирги саҳифада қолишни ўзингиз ҳал этасиз.

Бу функциядан фойдаланиш учун ҳаволанинг устига бироз муддат босиб турасиз, шунда бир нечта опцияли меню қалқиб чиқади. Улар қаторида янги – «Просмотреть страницу» (ёки инглизчада – «Preview») банди ҳам бор. Ўшани танласангиз, ҳавола орқали ўтиладиган саҳифа превью (предпросмотр) шаклида очилади. Унинг юқори ўнг бурчагидаги – квадрат ичидаги стрелка белгичасини боссангиз, ўша саҳифа тўлақонли варақа (вкладка) тарзида тўлиқ экранда очилади. Ёнидаги крестча белгисини босиш ёки превью ойначасини пастга силаш билан уни ёпиш мумкин.

Олдиндан кўриш режимида очилган бўлса-да, ўша саҳифани ҳам юқорига ва пастга варақлаш мумкин. Яъни, моҳиятига кўра у вақтинча очилган варақа ҳолидадир.

Chrome мобил версиясида аввалроқ варақаларни гуруҳлаш функцияси ҳам жорий этилган эди – унда гуруҳга бирлаштирилган варақаларнинг барини бирданига ёпиш мумкин. Шу ва бошқа янги функциялар дунёда энг кенг тарқалган браузернинг қулайлигини тобора ошириб бормоқда.

ЎҚИНГ: Google Chrome’нинг яширин имкониятларини биринчилар қаторида синаб кўриш осонлашди!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!