Lapsus$ хакерларининг "каттаси" ким эканлиги маълум бўлди!

Lapsus$ хакерларининг

Лондон шаҳри полицияси 16-21 ёш орасидаги етти нафар ўсмирни яқинда пайдо бўлганига қарамай қисқа вақт ичида бир нечта йирик техно компанияларга киберҳужум уюштирган, уларнинг маълумотларини тарқатиб юбориб, Lapsus$ номи билан оммага танилган хакерлар гуруҳига алоқадорликда гумон қилиниб ҳибсга олди, деб хабар бермоқда BBC News.

Интернетда "White", "Breachbase" тахаллусларига эга ва аутизим касаллиги бор Оксфордлик 16 ёшли йигит Lapsus$ кибержиноятчилик гуруҳи раҳбарларидан бири сифатида айбланмоқда. Унинг кимлиги, қаерда яшаши оиласи ҳақидаги маълумотлар рақиб хакерлар гуруҳи томонидан тарқатиб юборилган ва ўзининг бир неча йиллик "карера"сидаги киберҳужумлардан олган фойдаси 300 Bitcoin ($14 миллион атрофида) эканлиги айтилмоқда.

Bloomberg нашрининг хабарларига кўра, ҳозирда тўртта киберхавфсизлик тадқиқотчилари Lapsus$'ни кузатишмоқда ва улар ҳам Оксфорд яқинида онаси билан яшайдиган ўсмир болани гуруҳ "каттаси" эканлигини ишонишади. Унинг ҳақидаги рақиб хакерлар тарқатиб юборган манзилда ўзини боланинг онаси деб таништирган аёл ўғлининг бу ҳаракатларидан бехабар эканлигини ва у билан ҳеч қанақасига интервю қилишга рухсат бермасдан, полицияга қўнғироқ қилишини айтган.

Отаси эса: "Мен яқин вақтгача бу ҳақда ҳеч қачон эшитмаганман. У ҳеч қачон хакерлик ҳақида гапирмаган, лекин у компютерда жуда яхши ва компютерда кўп вақт сарфлайди. Мен уни ҳар доим ўйин ўйнайди деб ўйлардим. Биз уни компютерда ўтиришни тўхтатишга ҳаракат қиламиз." дея жавоб берган BBC нашрига.

Lapsus$ гуруҳи шу ва ўтган ой ичида Nvidia, Samsung, Ubisoft, Okta ва Microsoft компанияларига ҳужум уюштирган ва уларнинг маълумотларини тарқатиб юборганликлари ҳақида ўзларининг Telegram каналларида хабар беришган.

Еттита ўсмирдан ташқари яна бир бразилялик бола ҳам бу ишларга алоқадор эканлиги айтилмоқда. Манбалар ҳуқуқий сабабларга кўра ўсмирлар номларини ошкор қилишмаган. Киберҳужумлар ортидаги мотивация ҳали ҳам номаълум, бироқ киберхавфсизлик тадқиқотчилари гуруҳни пул ва машҳурликни сабаб қилиб кўрсатишмоқда. Ҳозирда полиция уларнинг барчасини тергов остида қўйиб юборган.

ЎҚИНГ: Бу зарарли иловани ҳозироқ смартфонингиздан ўчириб ташланг!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!