Пластик карточка ўлчамидаги юпқа телефон: нархидан ташқари ҳар жиҳатдан ўта содда!

  •   DiMaX
  •  1896
  •  18.10.2018 17:35

Пластик карточка ўлчамидаги юпқа телефон: нархидан ташқари ҳар жиҳатдан ўта содда!

Kyocera компанияси ва Япониянинг NTT Docomo оператори «кардфон» туридаги янги телефонни намойиш этди. Бу девайс банк пластик карточкаси катталигида бўлиб, унинг ёнида ҳамёнга сиғадиган даражада юпқа.

ЎҚИНГ: Palm смартфони тақдим этилди: ўзи миттигина, лекин бақувват, яна нархиям...

Kyocera KY-O1L деб номланувчи бу гаджет нафақат дизайни, балки техник хусусиятларига кўра ҳам минималистик услубда ишланган. Унинг камераси йўқ, диагоналига 2,8 дюймлик экрани ҳам рангли эмас, балки электрон қоғоздан ишланган монохром дисплейдир. Аккумуляторининг ток сиғими 380 мА/соатни ташкил этади. Аммо тўртинчи авлод – LTE уяли алоқа тармоғида ишлай олади.

Японларнинг мазкур смартфони 91х55х5,3 миллиметрлик ўлчамга ва 47 граммлик вазнга эга. Компания ушбу моделини дунёдаги энг юпқа телефон, дея илгари сураётир, аммо аслида ундай эмас. 2016 йили тақдим этилган Moto Z смартфони янада юпқа – унинг қалинлиги 5,2 миллиметрга тенг.

ЎҚИНГ: Motorola ўта юпқа ҳамда инновацион смартфонни намойиш қилди

Kyocera KY-O1L «юпқафон»и шу компания томонидан Android асосида ишлаб чиқилган операцион тизимга эга. Аммо унда иловалар дўкони йўқ, фойдаланувчи бирор янги илова ўрната олмайди ҳам. Ўзига ўрнатилган дастурлар орасида браузер ҳам мавжуд бўлиб, экран хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, сайтларни фақат кул ранг гаммада кўрсата олади.

Шунчалик содда ва ихчамлигига қарамай, нарх борасида Kyocera KY-O1L унчалик ҳам «камтар» эмас. Японияда у жорий йилнинг ноябрь ойида 285 долларлик нарх билан савдога чиқарилади. Бу нархга эса, масалан, бизнинг Terashop.uz интернет-дўконимиздан ҳар хил турдаги тўлақонли смартфонларни олса бўлади.

ЎҚИНГ: Terashop.uz’дан 999 000 сўмгача нархга қандай смартфонлар олиш мумкин?

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!