Pocophone F1 харидорлари учун Xiaomi’дан хушхабар бор!

  •   DiMaX
  •  3557
  •  25.08.2018 12:03

Pocophone F1 харидорлари учун Xiaomi’дан хушхабар бор!

Xiaomi Pocophone F1 модели Qualcomm компаниясининг айни дамдаги энг илғор Snapdragon 845 процессори базасидаги энг ҳамёнбоп флагмандир. Бундан ташқари, ишлаб чиқарувчи ушбу моделида мустақил дастурчиларга янгича ёндашувни ҳам намоён этмоқда.

ЎҚИНГ: Ниҳоят, Xiaomi атиги 300 долларлик Pocophone F1 флагманини тақдим этди! (видео)

Манбаларнинг ёзишича, Xiaomi компаниясининг Ҳиндистон бўлими маҳсулотлар бўйича етакчи менежери Жай Мани (Jai Mani) ушбу моделнинг тақдимотида хайрли бир хабар айтган. Унга кўра, агар фойдаланувчи Pocophone F1 смартфонида юклагични блокдан чиқарган бўлса ҳам, компания бу маҳсулотнинг кафолатини бекор қилмайди.

Гап шундаки, аксарият смартфонсозлар ўз маҳсулотларининг тизим файлларига ўзгартириш киритилса, уларнинг ишлаши учун кафолат бермайди ва бепул сервис хизмати кўрсатмайди. «Хитойча Apple» эса Pocophone F1 борасида бундай қилмаяпти – дастурчиликка қизиқувчилар унда турли тажрибаларни ўтказиб кўришлари ва бунда кафолатни йўқотиб қўйишдан чўчимасликлари мумкин.

Бундан ташқари, етакчи менежернинг сўзларига кўра, компания Pocophone F1 (ёки Poco F1) дастурий таъминоти ядросининг дастлабки кодини ҳам GitHub ресурсига юклайди. Дастурчилар 29 августдан – мазкур моделнинг Ҳиндистондаги савдоси бошланиш куниданоқ ушбу кодни олишлари мумкин бўлади.

ЎҚИНГ: Интернет фойдаланувчилари орасида машҳур бўлган термин GitHub нима?

Жай Мани мустақил дастурчиларга қаратилган нутқида яна таъкидлашича, Pocophone F1 смартфонининг прошивкаси Project Treble лойиҳаси бўйича янгиланади. Булардан ташқари, унга бошқа – муқобил прошивкаларни ҳам ўрнатиш мумкин бўлади.

Шу тариқа, Pocophone F1 нафақат илғор хусусиятлари ҳамда арзон нархи билан, балки дастурий таъминотида легал тарзда турли тажрибаларни ўтказишга имкон бериши ва бунда кафолат бекор бўлмаслиги билан ҳам эътиборни қозонади. Бунақа имкониятларни эса унча-мунча смартфонсоз тақдим эта олмайди.

ЎҚИНГ: Xiaomi смартфонлари бунчалик оммабоплигининг 5 сабаби

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!