Samsung Galaxy S21, S21+ ва S21 Ultra'ларни ўта сифатли рендерларда кўрамиз!

Samsung Galaxy S21, S21+ ва S21 Ultra'ларни ўта сифатли рендерларда кўрамиз!

Samsung'нинг «Galaxy Unpacked» маросимига ҳам бир ойча вақт қолди. Келаси йил 14 январда кореялик техногигантдан камида Galaxy S21, S21+ ва S21 Ultra'ларни кутиб қоламиз.

Тақдимот яқинлашиб келиши билан қурилмалар ҳақида кўплаб маълумотлар сиздирилмоқда. Бир неча соат олдин смартфонларнинг ҳажмини кўрсатувчи «жонли» суратлар эълон қилингани ҳақида хабар берган эдик, энди эса флагманларнинг бир қатор сифатли рендерлари сиздирилди.

Сизга тақдим қилинаётган қуйидаги тасвирлар LetGoDigital томонидан қабул қилинган ички маълумотлар асосида яратилган бўлиб, анчайин ишончли.

Ушбу мақолада Galaxy S21'лар ҳақида ҳозиргача маълум бўлган маълумоталарни хулосалаб келтирамиз.

Samsung Galaxy S21 Ultra
Samsung Galaxy S21 Ultra моделининг S21+ ва S21'лардан бир неча асосий фарқи бор. Смартфон камераси модулига тўртта камера, LED чироғи ва янгича ISOCell Vizion 3D ToF датчиги жойлаштирилган.

Камералар 108МП HM3 датчиги бўлиши ва улардаги ёруғликка сезгирлик 12% юқорироқ бўлиши кутилмоқда. Ультракенг камера 12МП бўлиши, иккита зум камера эса 10МП резолюцияга эга бўлиши кутилаётир. Олд томонда эса селфилар учун 40МП камера қўйилади.

Galaxy S21 Ultra экрани 6.8 дюйм диагоналга эга бўлади. Қиёс учун, S20 Ultra'нинг экрани 6.9 дюймлик эди. Дисплейнинг ён томонлари бироз қайрилган бўлади.

Экран 120Hz'гача бўлган адаптив (мослашувчан) янгиланиш частотасига эга бўлади. Миш-мишларга қараганда, Samsung ва ниҳоят 1440p ва 120Hz'ларни тенг танлаш имконини тақдим қилади.

Глобал бозорда сотувга чиққан S21 Ultra'га Exynos 2100 қўйилган бўлади, агар смартфонни Жанубий Корея, Хитой ёки АҚШдан сотиб олсангиз, қурилмангиз Snapdragon 888 чипсетида ишлайди. Ҳар икки версия смартфон 5G'ни қўллаб-қувватлайди. Хотира сиғими эса икки хил — 12/128ГБ ва 16/512ГБ бўлади.

Аккумулятор сиғими эса S20 Ultra'ники билан бир хил — 5,000 мАс бўлиши, қурилма 25 Вт да тезкор қувватланиши айтилмоқда.

Samsung Galaxy S21 Ultra икки хил рангда бўлади: Phantom Black ва Phantom Silver.

Samsung Galaxy S21+
S21+ га метал ром ўрнатилади, лекин орқа панель, худди Galaxy Note20'даги каби, пластикдан ишланган бўлади. Орқа камера модули ичида 3 та камера: бир жуфт 12МП асосий ва ультракенг ва уч карра гибрид зум учун битта 64МП камера бўлади. LED чироғи камера модулидан ташқарида жойлашган.

Экран 6.7 дюйм диагоналлик, 1080p резолюцияли AMOLED панель бўлади. Янгиланиш частотаси барқарор 120Hz, экран эса қайрилмаган бўлади.

Аккумулятор сиғими эса 4,500 мАс лик S20+ никидан каттароқ — 4,800 мАс бўлади. Ушбу моделда ҳам 25 Вт да тезкор қувватлана олади. Чипсет эса Exynos 2100 ёки Snapdragon 888 бўлади, 5G бор.

Samsung Galaxy S21+ смартфони Phantom Black, Phantom Silver ва Phantom Violet рангларида бўлади.

Samsung Galaxy S21
Galaxy S21 флагмани энг кўп — Phantom Gray, Phantom White, Phantom Violet ва Phantom Pink рангларида бўлади. Ушбу моделда ҳам S21+ даги камералар бўлади. Орқа панель пластикдан ишланади; экран қайрилмаган, 1080p резолюцияли ва барқарор 120Hz частотали бўлади.

Galaxy S21'нинг оператив хотираси 8ГБдан бошланади.

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi 11 Pro илк суратда: дизайни Xiaomi Mi 11’дан мутлақо фарқли!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!