Samsung ва Apple можароси бўйича суд: мағлуб томон 539 миллион долларга тушди!

  •   DiMaX
  •  1089
  •  26.05.2018 12:31

Samsung ва Apple можароси бўйича суд: мағлуб томон 539 миллион долларга тушди!

Патент ҳуқуқининг бузилиши масаласи бўйича иккита техногигант орасидаги можаро 2011 йилдан бери чўзилиб келаётган эди. Куни кеча шу масала юзасидан суд қарор чиқарди, деб ёзади Engadget нашри.

ЎҚИНГ: Apple ва Samsung яна судда кўришишади

Суд қарорига кўра Samsung компанияси патент ҳуқуқини бузишда айбдор деб топилди ва у Apple корпорациясига 539 миллион доллар миқдорида товон тўлаши тўғрисида ажрим чиқарилди.

Айтиш керакки, 2012 йили Apple кўрган зиённи 1 миллиард долларга баҳолашган эди, ишни қайта кўришлар натижасида эса бу миқдор бир неча марта ўзгартирилди. Ниҳоят, Samsung компанияси 548 миллион долларни тўлашга рози бўлган эди, бу қарор ҳам АҚШ Олий суди томонидан бекор қилинди. Натижада масала янада чигаллашиб, чўзилиб кетди. Айни дамгача жанубий кореялик компания «олмали» корпорацияга 399 миллион долларга яқин пул тўлаган.

Суднинг янги қарорини, табиийки, Apple маъқуллади ва дизайн соҳасидаги ўз ишланмаларининг қадрли эканини таъкидлади. Samsung эса, ушбу ажрим Олий суднинг қарорига зид эканини айтаётир. Жанубий кореялик компания, «барча компаниялар ва истеъмолчилар учун ижодкорликка ва ҳалол рақобатга тўсқинлик қилмайдиган натижага эришиш учун барча чораларни кўриш»ини билдирган.

Демак, ҳали-вери бу масала якуний ечимини топгани йўқ, воқеалар ривожини бирга кузатамиз.

ЎҚИНГ: Apple ва Xiaomi судлашмоқда: қайси гаджет дизайни ўғирланди?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!