Telegram, WhatsApp ва Viber’даги ўз профилларимизни янги телефон рақамимизга қандай ўтказамиз?

  •   DiMaX
  •  651
  •  31.08.2019 14:52

Telegram, WhatsApp ва Viber’даги ўз профилларимизни янги телефон рақамимизга қандай ўтказамиз?

Телефон рақамингиз – сизнинг мессенжерлардаги логин ва паролингиздир; усиз ўз аккаунтингизга кира олмайсиз ва контактлар ҳамда ёзишмаларингизни тиклай олмайсиз. Шу боисдан, янги телефон рақами олганингизда, мессенжерларда аввалги рақамингизга очилган профилингизни янгисига ўтказиб қўйиш керак.

ЎҚИНГ: Марказий Осиё: қаерда қайси мессенжер оммалашган?

Бунда бир нарсани эътиборга олиш керак: агарда янги олган рақамингизни олдин кимдир ишлатган ва унга мессенжерда аккаунт очган бўлса, энди сиз бошқа профилни бу рақамга кўчириб ўтказа олмайсиз.

Лекин аслида бу сизнинг муаммоингиз эмас, балки ўша – янги рақамингизга очилган эски аккаунтни ишлатаётган юзернинг муаммосидир. Чунки рақам энди сизнинг номингизда, унга боғланган аккаунтни ўчириб юборсангиз, олдинги эгаси ўз профилидан ажралади, сиз эса бу рақамга боғланган янги аккаунт очишингиз ёки бошқа рақамингиздаги профилингизни шунга кўчириб ўтказишингиз мумкин.

Бундан ташқари, WhatsApp мессенжерида битта чеклов мавжуд – профилингиздаги телефон рақамини бир ойда икки мартадан ошиқ алмаштира олмайсиз.

ЎҚИНГ: Telegram’да жиддий хатолик: барча шахсий маълумот ва ёзишмаларингизни SIM-картанинг янги эгаси кўра олади!

Шундай қилиб, оммабоп учта мессенжердаги профилни бошқа телефон рақамига кўчириб ўтказиш усулини кўриб чиқамиз. Бунда янги SIM-картани айни шу телефон аппаратига қўйиш ҳам шартмас, бошқа телефонда турган бўлсаям, ишлаб турган бўлса бас. Чунки мессенжердаги профилни унга боғлаш жараёнида шу рақамга SMS-код келади ва тасдиқлаш учун уни киритишингиз керак бўлади.

Telegram профилини бошқа рақамга ўтказиш

Илованинг юқори чап бурчагидаги учта чизиқча шаклидаги тугмачани босиб (ёки экранни чап чеккасидан ўнгга силаб) менюни чақирасиз, рўйхатнинг охирроғидаги «Настройки» бандини танлайсиз. Шу ерда телефон рақамингиз устига босиб, «Сменить номер» тугмачасини босасиз. Огоҳлантирув ёзуви чиқади, «Изменить»ни босиб тасдиқлайсиз ва янги телефон рақамингизни киритасиз. Ўша рақамга SMS-код келади, уни тегишли майдончага киритасиз.

Агарда профилингизда икки босқичли аутентификациядан фойдаланаётган бўлсангиз, уни қайтадан ўрнатишингиз керак бўлади.

ЎҚИНГ: Telegram’да икки босқичли аутентификация ҳимоясини бузиб бўладими?

WhatsApp аккаунтини янги рақамга ўтказиш

Ушбу мессенжернинг юқори ўнг бурчагида тиккасига жойлашган учта нуқта тугмачасини босиб, бошқарув менюсини чақирасиз ва «Настройки»ни очасиз. Кейин «Аккаунт» бўлимидаги «Изменить номер» бандига кириб, «Далее»ни босасиз. Шу ерда тегишли майдончаларга эски ва янги телефон рақамларингизни киритасиз. Сўнг эса янги рақамингизга келган SMS-кодни керакли майдончага киритиб, тасдиқлайсиз.

Рақамингизни алмаштиргач, WhatsApp аккаунтингизга қайтадан киришга ҳамда агар зарур бўлса, икки босқичли аутентификацияни қайтадан ўрнатишга тўғри келади.

Viber профилини бошқа рақамга ўтказиш

Ушбу мессенжер бош экранидаги «Ещё» тугмачасига босиб, «Настройки» → «Учетная запись» → «Изменить номер телефона» деган жойигача борасиз. Кейин тегишли майдончага янги телефон рақамингизни ёзасиз ва унга келган SMS-кодни керакли майдончага киритасиз.

Айтиш керакки, юқоридаги йўриқнома Android-смартфонлар учун ҳам, iOS тизимли қурилмалар учун ҳам бирдек амал қилади.

ЎҚИНГ: Telegram асосчиси Дуров: «Нима учун WhatsApp ҳеч қачон хавфсиз бўла олмайди?»

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.