UZIMEI, интернет, мобил алоқа, рақамлаштириш бўйича ва бошқа саволларга АКТ вазирлиги жавоб берди

  •   DiMaX
  •  1072
  •  05.11.2019 11:40

UZIMEI, интернет, мобил алоқа, рақамлаштириш бўйича ва бошқа саволларга АКТ вазирлиги жавоб берди

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги 2019 йил 4 ноябрь куни матбуот анжумани ўтказди, деб ёзади Xabar.uz нашри. Унда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Қ.Юлдашев ҳамда вазирликлик тизимидаги бошқа мутахассислар журналистларнинг саволларига жавоб беришди.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда симли ва мобил интернетни кенгайтиришга ZTE ёрдам беради

Берилган маълумотларга кўра, мамлакатимиз бўйлаб 786,0 минг портли кенг полосали технологияларга асосланган ускуналар ўрнатилиб, сиғими 1,87 млн. портга етказилган, шундан 125 минг порт (16 фоиз) 330та қишлоқ жойларига тўғри келган. 9 000 км. оптик толали алоқа линиялари қурилиб, умумий узунлиги 35,6 минг км.га етказилган, 3 117 та мактаб, 1646 та мактабгача таълим муассасаси, 962 та тиббиёт муассасаси оптик толали алоқа линиялари билан қамраб олинган, 201 та давлат хизматлари марказлари объекти, 544 та суд маълумотлар узатиш тармоғига уланган.

«2019 йили 2000 километрли режани йил охиригача 10 000 километрга бажаряпмиз. 2020 йилда эса кўрсаткич икки баравар ошади: 20 000 километрга яқин оптик толали линиялар қурамиз. Шунда Ўзбекистонда рақамли инфратузилмадан фойдаланувчиларнинг сони ўртача 65 фоизга етади», – деди Қаҳрамон Юлдашев.

Мобил алоқа операторлари томонидан 1 605 та база станцияси ўрнатилиб, тармоқ модернизация қилинди, шундан 132 таси «Обод қишлоқ» дастури ҳудудларига тўғри келади.

ЎҚИНГ: Speedtest синовидан «жонли» видео: Ўзбекистонда қайси уяли алоқа операторининг интернети энг тезкор?

Қаҳрамон Юлдашев мобил алоқа сифати паст ёки ҳалигача алоқа етиб бормаган ҳудудлар бўйича берилган саволга ҳам жавоб бериб ўтди. Айтилишича, вазирлик ваколатли орган сифатида ҳар бир операторнинг истиқболли режаларини тўғридан-тўғри назорат қилмаган тақдирда ҳам, мониторинг қилиб боради ва операторларнинг тармоқни ривожлантириш режаси вазирлик билан келишилади. Маълум қилинишича, Ўзбекистонда мобил алоқа етиб бормаган 478 та аҳоли пункти бор.

«Буларнинг ҳаммасини бир йилнинг ўзида қамраб олиш ҳам техник, ҳам молиявий томонлама осон эмас, шунинг учун ҳам биз буни йилларга бўлганмиз. 2019 йилнинг ўзида умуман ҳеч қанақа алоқа йўқ аҳоли пунктларини 5 та мобил алоқа операторига тақсимлаб бердик. Ҳар ойда улар ҳисобот бериб боради», – деди Қаҳрамон Юлдашев.

ЎҚИНГ: Мобил операторлар биздан нимани яширмоқда?

Йиғилишда маълум қилинишича, хўжалик юритувчи субъектлар, телекоммуникация тармоқлари оператор ва провайдерлари томонидан 650 дан ортиқ Wi-Fi тармоғи орқали интернетга уланиш нуқталари ўрнатилиб, ишга туширилган.

Миллий UZ доменида рўйхатдан ўтган фаол доменлар сони 71 мингдан ошган.

UZIMEI тизимида рўйхатдан ўтказилган мобил қурилмалар сони 2019 йилнинг 1 апрелидан 1 ноябрига қадар қарийб 29 млн.тага етди. Шу ўринда IMEI кодларининг рўйхатга олиниши билан фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари йиғилиб, телефонлар кузатилиши ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган гап-сўзларга ҳам изоҳ берилди. Таъкидланишича, тизимнинг функцияларидан фойдаланиш тартиблари битимда кўрсатилган. Унга кўра, оператор мустақил равишда бирор бир фуқарога тегишли бўлган шахсий маълумотларни учинчи шахсга беришга ҳақли эмас. Фақатгина Ички ишлар вазирлигининг битим доирасидаги, яъни регламент доирасидаги тартиблар бўйича маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилади.

ЎҚИНГ: IMEI-кодлар масаласи «GSMA Mobile 360 – Evroosiyo» тадбирида ҳам муҳокама этилди

Ўзбекистонда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқишни ривожлантириш йўналишида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилгани айтилди, жумладан, Ҳиндистоннинг дастурий технологиялар технопарки билан ҳамкорликда шу йилнинг 24 июль куни Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари парки (IT-парк) ишга туширилди. Ундаги резидентлар сони 300 дан ошган.

Матбуот анжуманида, қолаверса, почта соҳасини ривожлантириш, Президентимиз томонларидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг 3-ташаббуси доирасида аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган ишлар ҳамда ҳам маълумот берилди. Хусусан, республика бўйича 18 та IT-тадбиркорлик ва рақамли технологиялар ўқув маркази ташкил этилган.

Юқоридаги барча ишлар бевосита кадрлар сони ва салоҳиятига боғлиқ. Ҳиндистон билан ҳамкорликнинг яққол нишоналаридан бири шу йилнинг сентябрь ойида Тошкентда Амити университети филиали очилиши бўлди. Ҳозир бу ерда 502 нафар талаба ўқитиляпти.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида ҳам хориж билан ҳамкорлик яхши йўлга қўйилган: айни пайтда 16 нафар чет эллик профессор-ўқитувчи бу ерда дарс беряпти. Бундан ташқари, университетда Ўзбек-Беларусь қўшма факультети ташкил этилиб, 2019/2020 ўқув йилида 505 нафар талаба ўқишга қабул қилинган.

ЎҚИНГ: Интернет тезлиги нега кўрсатилганидан паст? «Ўзбектелеком» расман изоҳ берди!

 

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!