WhatsApp, Facebook ва Twitter Россияда 36 миллион рубль миқдорида жаримага тортилди

WhatsApp, Facebook ва Twitter Россияда 36 миллион рубль миқдорида жаримага тортилди

Кеча Россияда WhatsApp, Facebook ва Twitter россиялик фойдаланувчилар маълумотларини маҳаллийлаштириш тўғрисидаги қонунни бузганликлари учун жами 36 миллион рубль миқдорида жаримага тортилди. Бу ҳақда Роскомнадзор матбуот хизмати хабар берди.

ЎҚИНГ: Google 500 миллион евро миқдорида жаримага тортилди

2021 йил 26 августда Москванинг Таганский тумани суди Роскомнадзор томонидан россиялик фойдаланувчиларининг маълумотлар базасини Россияда жойлашган серверларга ўтказмаган Facebook ҳамда Twitter ижтимоий тармоқлари, шунингдек, WhatsApp мессенжерига нисбатан тузилган маъмурий протоколларни кўриб чиқди.

Натижада, суд WhatsApp мессенжерига 4 миллион рубль миқдорида жарима тайинлади. Бу WhatsApp мессенжерига солинган биринчи жарима. Аммо Facebook ва Twitter маҳаллийлаштириш талабларини такроран бузганликлари учун каттароқ 15 ва 17 миллион рубль миқдорида жаримага тортилди.

Роскомнадзор таъкидлаганидек, 2020 йилда Facebook ва Twitter ижтимоий тармоқлари аллақачон жиноий жавобгарликка тортилган ва суд томонидан ҳар бирига 4 миллион рубль миқдорида жарима солинган. Facebook жаримани тўлади, лекин Twitter тўламади.

Шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонун 2015 йил сентябрь ойида кучга кирган эди. LinkedIn ижтимоий тармоғи Россияда уни бажаришдан бош тортгани учун блокланган. Қизиғи шундаки, россиялик фойдаланувчиларнинг маълумотлар базаларини локализация қилиш талаби 2015 йилдан кучга кирган, бироқ қоидабузарлик учун жавобгарлик фақат 2019 йилда тайинланган.

Роскомнадзорнинг таъкидлашича, ҳозирги кунга қадар россиялик фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари Apple, Microsoft, LG, Samsung, PayPal, Booking каби хорижий компанияларнинг 600 га яқин ваколатхоналари томонидан маҳаллийлаштирилган.

Маҳаллийлаштириш тўғрисидаги қонунни бузганлик учун компаниялар 6 миллион рублгача, такроран бузилган тақдирда 18 миллион рублгача жаримага тортилади.

ЎҚИНГ: Android учун очиқ кодли энг яхши 10 та илова

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!