Window Swap – дунё бўйлаб турли деразалардан «мўралаш» имконини берувчи сервис!

  •   DiMaX
  •  1616
  •  23.07.2020 17:45

Window Swap – дунё бўйлаб турли деразалардан «мўралаш» имконини берувчи сервис!

Коронавирус пандемияси туфайли кўпчилик масофадан ишлаётгани сабабли, видеоконференциялар сервислари ривожланмоқда. Шунингдек, турли ўйинлар ва айрим иловалар ҳам оммалашиб кетган. Улардан ташқари, виртуал саёҳат қилиш имконини берувчи сервислардан ҳам кўп фойдаланишмоқда.

ЎҚИНГ: Ер юзидаги энг йирик музейга ҳам энди онлайн ташриф буюринг! (+видео)

Бугун эса сизларга Window Swap номли қизиқарли веб-сервис ҳақида маълумот бермоқчимиз. Бу – карантин пайтида Сонали Ранжит (Sonali Ranjit) ҳамда Вайшнав Баласубраманиам (Vaishnav Balasubramaniam) исмли дастурчилар яратган лойиҳа.

Window Swap сервиси фойдаланувчиларга дунёнинг турли бурчакларидаги деразалардан «қараш» (ичкарига эмас, албатта) имконини тақдим этади. Масалан, сиз ўз уйингизда, компьютер олдида ё қўлда смартфон билан ўтириб олиб, бирор америкаликнинг деразаси орқали Нью-Йорк кўчаларидаги ёмғирдан баҳраманд бўлишингиз, ёхуд Швейцариянинг мафтункор манзараларини кимнингдир деразаси ёнида тургандек томоша қилишингиз мумкин. Бунинг учун мазкур ҳавола орқали Window Swap сайтига ўтиб, экран марказидаги ёзувни босиш кифоя.

Сервисда дераза манзаралари тасодифий тартибда кўрсатилади; видеоларнинг овозлари ҳам бор. Экраннинг юқори чап бурчагида бу кимнинг деразасидан кўринаётгани, ўнг бурчагида эса унинг қаерда жойлашгани акс этади.

Сизнинг деразангиздан ҳам чиройли манзаралар кўринадиган бўлса, уни Window Swap орқали улашиш имкони бор! Бунинг учун HD-сифатда 10 дақиқалик горизонтал видео суратга оласиз ва локацияни кўрсатган ҳолда [email protected] электрон манзилига йўллайсиз. Асосий шарти – видеода дераза ромлари кўриниб туриши лозим.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ биз жаҳондаги барча онлайн музейларни топиш ва уларга ўтиш учун ўзига хос агрегатор вазифасини ўтовчи Virtual Museums сайти ҳақида ёзган эдик.

ЎҚИНГ: Ўзбекистон музейларига энди дунёнинг исталган нуқтасидан онлайн саёҳат қилиш мумкин!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.