Galaxy S9 ҳамда S9+’нинг барча тафсилотлари, янги суратлари ва видеоси биттада!

  •   DiMaX
  •  2830
  •  20.02.2018 09:34

Galaxy S9 ҳамда S9+’нинг барча тафсилотлари, янги суратлари ва видеоси биттада!

Samsung компаниясининг бу йил тақдим этадиган Galaxy S9 ва Galaxy S9+ флагманлари ҳақида ҳар хил маълумотлар, уларнинг суратлари тарқалишда давом этаётир. WinFuture сайти эса уларнинг барча хусусиятлари ҳақидаги ахборотларни жамлаб, айрим янги расмлар ва видеоси билан бирга тақдим этган.

ЎҚИНГ: Samsung Galaxy S9'нинг расмий реклама роликлари эълон қилинди

ДИЗАЙН

Galaxy S9 ва S9+ ҳам худди ўтган йилги Galaxy S8 ҳамда S8+ моделлари дизайнида ишланган. Фақат Galaxy S9+ талқинида камера қўшалоқ объективли, бармоқ изи сканери эса ҳар икки смартфонда ҳам камерадан ўнг томонда эмас, балки унинг остида жойлашган.

КАМЕРАЛАР

Galaxy S9 асосий камераси 12 мегапикселли якка модулга эга; Galaxy S9 моделининг бош камераси эса 12 мегапикселли иккита сенсорни ўз ичига олган. Ҳар иккала смартфон SlowMo режимида, сониясига 960 кадр тезлигида видеога олиш қобилиятига эга. Шунингдек, улар камераси f/1.5 ва f/2.4 апертурали режимларга алмашиб ишлай олади. Булардан биринчиси яхши ёритилмаган шароитларда сифатли суратлар олишда, иккинчиси эса ёрқин қуёш нурлари остида ажойиб расмлар туширишга имкон беради. Камералар тасвирни рақамли барқарорлаштириш ҳамда лазерли автофокус тизимлари билан таъминланган.

Олд камералар эса ҳар иккала моделда 8 мегапикселли, f/1.7 апертурали модулга ҳамда ўзининг автоматик фокуслаштириш тизимига эга.

ЎҚИНГ: Samsung Galaxy S9'нинг расмий реклама роликлари эълон қилинди

ОВОЗ

Samsung флагманлари илк бор стереодинамиклар билан жиҳозланмоқда, тағин уларнинг овози AKG бренди мутахассислари томонидан созланган. Акустик тизимнинг ўзига хос тузилмаси овознинг «ҳажмли» чиқишини таъминлайди. Шунингдек, симли қулоқчинлар ва колонкаларни улаш учун анъанавий 3,5 миллиметрлик тирқиш ҳам олиб ташланмаслиги тўққизинчи авлод Galaxy флагманларининг яна бир устунлигидир.

ЭКРАН

Янги смартфонларга яхшиланган AMOLED-матрицалар қўйилмоқда, аммо уларнинг ўлчамлари ва тасвир аниқлиги ўтган йилги даражада сақланган. Galaxy S9 дисплейи диагонали 5,8 дюймни, Galaxy S9+ экрани диагонали эса 6,2 дюймни ташкил этади. Ҳар иккала моделда тасвир аниқлиги 2960×1440 пикселга тенг.

БИОМЕТРИЯ

Samsung компаниясининг янги авлод флагманларини бармоқ изи сканери орқали ҳамда кўз ёй пардаси сканерини ҳам ўз ичига олд камера ёрдамида блокдан чиқариш мумкин. Galaxy S9 ҳамда S9+ моделларида худди iPhone X’даги каби қиёфани таниш тизими ҳам жорий этилиши мумкин. Тизер роликларида Samsung компанияси анимацияли эмодзиларни ҳам кўрсатмоқда – улар фойдаланувчининг юз ифодасига қараб ўзгаради.

ЎҚИНГ: Galaxy S9 юзни таниш технологияси – Intelligent Scan билан танишинг! (видео)

ПРОЦЕССОР

АҚШ бозорига мўлжалланган Galaxy S9 ва S9+ версияларига Qualcomm компаниясининг сўнгги авлод – Snapdragon 845 процессори жойланади. Бошқа мамлакатлар бозорларига эса Exynos 9810 чипи қўйилган флагманлар етказиб берилади. Samsung маҳсулоти бўлмиш ушбу процессор 10 нанометрлик техник жараён асосида тайёрланган бўлиб, 2,9 ГГц такт частотасида ишловчи тўртта ядро ҳамда 1,9 ГГц частотали тўртта ядрони ўз ичига олади.

ЎҚИНГ: Snapdragon 845'га эга Galaxy S9 Plus AnTuTu'да имтиҳон топширди

ХОТИРА

Galaxy S9 модели 4 гигабайтлик, Galaxy S9+ эса – 6 гигабайтлик тезкор хотирага эга. Ҳар иккала модел ҳам камида 64 гигабайтлик доимий хотира билан таъминланган бўлиб, яна MicroSD форматли карта ёрдамида уларнинг хотирасини кенгайтириш мумкин.

АККУМУЛЯТОР

Samsung навбатдаги флагманлари аккумуляторларини ўтган йилгисидаги ҳажми каби қолдирган. Galaxy S9 аккумулятори 3000 мА/соат, S9+ батареяси эса 3500 мА/соат сиғимга эга. Шунингдек, тезкор ва симсиз қувватлаш технологиялари ҳам сақланиб қолган.

КОРПУС

Galaxy S9 ва Galaxy S9+ смартфонлари шиша корпусга эга бўлиб, қора, кўк, бинафшаранг ёки кулранг тусларда тақдим этилади. Шунингдек, чекланган миқдорларда бошқа ранглардаги модификациялар ҳам бозорга чиқарилиши мумкин.

Смартфонлар IP68 стандартига кўра сув ва чангдан ҳимояланган. Улар бир ярим метргача чуқурликдаги қув остида ярим соатгача қолиб кетса ҳам шикаст етмайди.

ОПЕРАЦИОН ТИЗИМ

Samsung’нинг тўққизинчи авлод флагманлари Android 8.0 операцион тизим талқини базасида ўзи тайёрлаган Experience 9.0 график қобиғида ишлайди. Уларда жанубий кореялик техногигантнинг бир қанча ўз иловалари ҳам бошиданоқ ўрнатилган.

ТАҚДИМОТ ВА САВДОГА ЧИҚАРИЛИШ ВАҚТИ

Samsung янги флагманларини MWC 2018 кўргазмаси арафасида – 25 февралда намойиш этади. Савдога эса Galaxy S9 ва Galaxy S9+ моделлари 8 мартдан чиқарилади. Гап-сўзларга қараганда, савдонинг бошланиши пайтида бу смартфонлар ўтган йилги Galaxy S8 ҳамда S8+ моделларига нисбатан тахминан 15 фоизга қиммат бўлиши мумкин.

ЎҚИНГ: Samsung Galaxy S9 ва S9+ нархлари «чақиб оладиган» бўлади

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!