Oppo A3 – «кемтик»ли ромсиз экранга ва 4/128 ГБ хотирага эга смартфон тақдим этилди

  •   DiMaX
  •  1557
  •  28.04.2018 11:31

Oppo A3 – «кемтик»ли ромсиз экранга ва 4/128 ГБ хотирага эга смартфон тақдим этилди

Хитойнинг энг сермаҳсул смартфонсозларидан бири бўлмиш Oppo компанияси ўзининг янги – Oppo A3 моделини расман намойиш этди. Бу – iPhone X услубида «ўйиқ»ли экранга эга бўлган, аммо ўрта нарх тоифасидаги смартфондир.

ЎҚИНГ: Мутахассислар: Жорий йилда «ўйиқ» дисплейли телефонлар оммалашади

Oppo A3 смартфони диагонали 6,23 дюймга тенг бўлган Full HD+ (2280х1080 пикселли) дисплей билан жиҳозланган. Томонлари ўзаро 19:9 нисбатида бўлган ромсиз экран қурилма олд юзасининг 88 фоизини эгаллаган.

Смартфоннинг асосий камераси 16, олд камераси эса 8 мегапикселли датчикларга эга. Унда бармоқ изи сканери йўқ, девайсни қулфдан чиқариш учун фойдаланувчининг юзини сканерлаш тизими ишлайди.

Ушбу гаджет саккиз ядроли MediaTek Helio P60 процессори базасида, 4 гигабайтлик тезкор хотира билан ишлайди. Ички сақлагич сифатида унга 128 гигабайт ҳажмли доимий хотира ўрнатилган. Яна 256 гигабайтгача ҳажмли microSD-карта қўйиш имкони мавжуд.

Oppo A3 аккумулятори 3400 мА/соатлик ток сиғимига эга. Иккита SIM-карта, 4G VoLTE, Wi-Fi (802.11 ac), Bluetooth 4.2, GPS кабиларни қўллаб-қувватлайди. Ўлчамлари 156х75,3х7,8 миллиметрга, вазни эса 159 граммга тенг. Смартфон ColorOS 5.0 график қобиғи остидаги Android 8.1 Oreo операцион тизим талқини бошқаруви остида ишлайди.

Oppo A3 қора, пушти, қизил ва кумушранг корпусларда, 332 АҚШ доллари нархида сотувга чиқарилади.

ЎҚИНГ: OPPO тайёрлаган – дисплейдаги дактилоскопик датчик дунёда тенгсиз!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.