Яширин қуролларни ва жиноятчиларни аниқловчи – «полициячи» смартфон ғилофи яратилди! (+видео)
Мобил қурилмалар ғилофларининг асосий вазифаси уларни ташқи механик таъсирлардан асрашдир. Аммо кейинги пайтларда уларнинг қўшимча функциялар билан ишлаб чиқарилиши ҳам оммалашмоқда.
ЎҚИНГ: Eye – iPhone учун Android-смартфонли ғилоф!
Жумладан, янги тақдим этилган SWORD ғилофи билан смартфон умуман янгича – қуролларни аниқлаш қобилиятига эга бўлади. Ишлаб чиқувчиларнинг сўзларига кўра, SWORD’га татбиқ этилган фаол радиочастота сканери 3D-тасвирлар ярата олади. Таъкидланишича, металл предметларни, масалан, кийим остига яширилган тўппончани у 40 метр узоқликдан ҳам «кўриш»га қодир.
Шунингдек, бу сканер кишиларни юзидан таниш функциясига ҳам эга. Сканерланаётган кишининг қиёфасини SWORD жиноят бўйича қидирув рўйхатидагилар билан таққослайди. Агарда у бирор гумондор билан бир хил чиқса, бу ҳақда хавфсизлик хизмати ходимларига хабар беради. Буларнинг барчаси автоматик тарзда, сониянинг ўндан бир улушича вақтда амалга оширилади.
ЎҚИНГ: Дронларни тўхтатиб қолган божхоначилар ҳайратга тушишди
Мана, SWORD ғилофининг қандай ишлашига бағишлаб тайёрланган видеолавҳани томоша қиламиз:
SWORD ғилофини ҳозирча Apple iPhone 8 Plus ҳамда Google Pixel 2 XL смартфонларига мослаб ишлаб чиқишмоқда. Мазкур «полициячи» ғилоф учун аллақачон дастлабки буюртмалар қабул қилинмоқда. Уларни харидорларга етказиб бериш эса 2019 йилнинг баҳорида бошланади. Аммо нархи ҳам чаккимас: SWORD ғилофининг ўзи 950 АҚШ доллари бўлса, унинг сервисидан фойдаланганлик учун яна ойига 30 доллари тўлиб туришга тўғри келади.
ЎҚИНГ: iPhone X учун дунёдаги энг қиммат чехол сотувга чиқарилди