70 долларлик Redmi Go тўлиқ фош этилди: суратлари ва хусусиятлари билан танишинг!

  •   DiMaX
  •  3387
  •  25.01.2019 10:26

70 долларлик Redmi Go тўлиқ фош этилди: суратлари ва хусусиятлари билан танишинг!

Xiaomi компанияси Redmi туркумидаги смартфонларини мустақил бренд сифатида ажратгани ва унинг илк вакили Хитойда талаш бўлаётганидан хабарингиз бор. Mi туркумидан фарқли равишда, Redmi моделлари ҳамёнбоп ҳисобланади, лекин уларнинг ичидан ҳам ўта арзони бор...

ЎҚИНГ: Xiaomi энг арзон – Redmi Go смартфонини рўйхатдан ўтказди!

Мазкур бренднинг энг арзон – Redmi Go модели яқин орада тақдим этилиши маълум бўлса-да, унинг барча техник хусусиятлари ва ҳатто ташқи кўринишигача маълум бўлишини кўпчилик кутмаганди. Бу смартфон ҳақидаги маълумотларни Филиппиндаги манба тақдим этган.

Маълум бўлишича Redmi Go моделини 2017 йили тақдим этилган Redmi 5A смартфонининг соддалаштирилган шакли, дейиш мумкин. Дизайнида умуман фарқи йўқ, техник хусусиятлари ҳам кўп тарафлама Redmi 5A’га яқин.

Масалан, ҳар иккала смартфон ҳам тўрт ядроли Qualcomm Snapdragon 425 платформаси базасига қурилган. Экраннинг ўлчами диагоналига 5 дюйм, тасвир аниқлиги бўлса 1280х720 пикселлик. Уларнинг аккумуляторлари ток сиғими ҳам бир хил – 3000 мА/соатлик. Redmi Go ўлчамлари ва вазни ҳам Xiaomi Redmi 5A билан айнан бир хил: 140,4х70,1х8,35 миллиметр ва 137 грамм.

ЎҚИНГ: Энг арзон "Xiaomi" -- Redmi 5A тақдим қилинди

Фарқларига келсак, Redmi Go хотираси Redmi 5A’никидан роппа-роса икки бараварга кам: 1 ГБ тезкор ва 8 ГБ ички хотира. Янги моделда бош камера 8, селфи-камера эса 5 мегапикселлик. Унинг хотирасини microSD-карта ёрдамида яна 128 гигабайтгача кенгайтириш имкони мавжуд.

Redmi Go иккита SIM-карта уячаси, LTE модеми, Wi-Fi 802.11n ҳамда Bluetooth 4.1 адаптерлари, шунингдек, microUSB 2.0 порти билан қуролланган. Фақат унинг эски – Android 8.1 Oreo (Go Edition) операцион тизимига эга эканлиги сал кўнгилни ғаш қилади. Зеро, кўплаб инсайдерлар унинг энг янги – Android 9.1 Pie (Go Edition) тизими билан тақдим этилишини айтиб келишган.

Демак, Redmi Go’нинг нархидан бошқа барча хусусиятлари билан танишиб бўлдик. Xiaomi Redmi 5A моделининг бошланғич конфигурацияси 100 долларга нархлангани маълум. Соддалаштирилган моделдаги хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда, кузатувчилар Redmi Go нархи 70 доллардан ошмаслигини айтишмоқда.

ЎҚИНГ: Атиги 100 доллардан бошланувчи Redmi 7 Pro смартфонининг ҳам тақдимот вақти яқин!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.