Эртагаёқ Xiaomi яна бир смартфонни тақдим этади!

  •   DiMaX
  •  1593
  •  10.07.2017 18:24

Эртагаёқ Xiaomi яна бир смартфонни тақдим этади!

11 июль куни Xiaomi навбатдаги смартфонини намойиш этмоқчи. Бу ҳақда Weibo ижтимоий тармоғидаги Xiaomi Store саҳифасида компаниянинг ўзи хабар берган, деб ёзади GizmoChina сайти.

Жорий йилнинг биринчи ярми мазкур компания учун жуда баракали келди – у кўплаб смартфон моделларини тақдим этди ва ўтган чорак якунларига кўра рекорд даражада савдоларни амалга оширди. Йилнинг бошида – CES 2017 тадбирида у Xiaomi Mi Mix смартфонининг оқ рангли янги версиясини намойиш этди. Ундан кейин эса кетма-кет янги моделлар – бир начта вариантлардаги Redmi Note 4X, Mi 5C ва Redmi 4X смартфонларини чиқарди. Бу тақдимотларнинг кульминацияси эса янги флагман – Xiaomi Mi 6 смартфонининг намойиш этилиши бўлди. Тўғри, яқиндагина чиқарилган Mi Max 2 ҳам ўзига яраша харидорларини топмоқда.

Энди эса, эртага Xiaomi навбатдаги янги смартфонини тақдим этмоқчи, бу гаджети «янги мавсум» – иккинчи ярим йилликни бошлаб бераётир.


Хабарда айтилишича, тақдим этилажак смартфон катта экранга, DDR4 туридаги 6 гигабайтлик тезкор хотирага ҳамда 4000 мА/соат сиғимли аккумуляторга эга. Унинг «юраги» бўлиб Snapdragon 800 чипи хизмат қилади. 22 мегапикселли камераси эса 4К форматида видео ёзишга қодир.

Weibo тармоғидаги Xiaomi Store саҳифасида шу ҳақдаги реклама тасвири берилгач, кўп ўтмасдан унда қисқа видеоролик ҳам эълон қилинди, унда смартфоннинг бошқа тафсилотлари ҳам ошкор этилган.

Унга кўра, Xiaomi’нинг бу сирли смартфони Snapdragon 800 туркумидаги яккакристалли платформага эга. Унинг тезкор хотираси  DDR4, ички хотираси эса UFS турига мансуб, аммо унинг ҳажми айтилмаган. Шунингдек, лавҳада улкан дисплей, ҳимояли 3D-шишадан бўлган корпус ҳақида ҳам гап бор. Қурилмада 4G модеми, USB Type-C порти, NFC симсиз интерфейси, инфрақизил порт ҳамда тезкор қувватлаш технологияси ҳам мавжудлиги таъкидланган.

Юқоридагиларга кўра, гап Xiaomi Mi 6 Plus модели ҳақида кетаётган бўлиши мумкин. Чунки 3D-шишадан ясалган корпус – «оддий» Xiaomi Mi 6 моделининг асосий ўзига хослигидир. Шу билан бирга, кодли номи Chiron бўлган яна бир янги қурилмани ҳам эсдан чиқармаслигимиз лозим.

Биздан узоқлашманг – эртагаёқ бунинг тагига етамиз!